Бош саҳифа > Янгиликлар > Миллион йиллик синоат

Миллион йиллик синоат


24-06-2015, 18:35. Муаалиф: admin

Нурота чашмаси ажойиботлари хусусида Нуротани гўзал чашмасидан айро тасаввур этиш мушкул. Ҳатто тарихий манбаларда ҳам мазкур булоқ шаҳар номи билан қўшиб тилга олинган.

Чашма денгиз сатҳидан беш юз ўттиз метр баландликда шаҳарнинг жанубий қисмидаги икки булоқ сувидан ҳосил бўлган. Қадимда унинг атрофида иншоотлар бунёд этилган. Юртимиз мус­тақилликка эришгач, Нурота чашмасида ҳам таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Булоқлар кўзи очилиб, яна файзли масканга айланди. Сайёҳлар, зиёратчиларнинг келиб-кетишлари учун қулайликлар яратилиб, ўлкашунослик музейига асос солинди.

– Нуротадаги бу гўзал манзил ҳақида Ўзбекистонга келганимиздан кейин эшитдик, – дейди Франция­нинг Страсбург шаҳридан келган сайёҳ Жиель Жан Луи. – Мана кўриб амин бўлдикки, шунча йўл босганимиз бежиз кетмабди. Менга, айниқса, балиқлар ёқди. Уларга тикилиб нафақат асаб, балки бутун вужудингиз ором олади. Назаримда, инсоннинг табиатга муносабати шундай бўлиши керак.

Нурота чашмаси ва унинг тарихи юртимизнинг ўрганилмаган жойлари сирасига киради. Тўғрироғи, шу пайтга қадар ўтказилган тад­қиқотлар атеистик асосда фақатгина чашма суви таркибини аниқлашга қаратилиб, унинг таркибида хлор, сульфат, калий, магний, кремний, карбонат, натрий, олтин ва кумуш ионлари мавжуд деган илмий хулосаларга келинган, холос. Шу боис, у ҳақда вақти-вақти билан тахминий хулосалар, ривоятлар пайдо бўлиб туради. Бу, айниқса, сув ва офтоб нури ўзаро таъсири билан боғлиқ бўлиб, йилнинг, куннинг маълум вақтида кўплаб зиёратчиларни ўз атрофига тўплайди. Чашмада балиқлар ҳосил қилган ҳалқобларда нур ажиб бир гўзаллик билан атрофга ёйилади. Родонли газларнинг майда пуфакчаларида жилва топаётган камалакнинг етти жилоси бутун сув юзасини тутиб, гўё сув тубидан чиқиб келаётгандек таассурот уйғотади. Бироқ сувнинг бирламчи аҳамияти, асл моҳияти шаҳар ҳаётида муҳим ўрин тутишини унутмаслик лозим.

– Чашма туфайли бу ерда ҳаёт, шаҳар шаклланган, – дейди вилоят ўлкашунослик музейи раҳбари Рамазон Эгамов. – Қолаверса, ундан сув ичган шаҳар ҳам айнан Нурота шаҳри ҳисобланади. Чашманинг яқин ёши бир миллион йилдан зиёд, атрофидаги маданий қатлам ёши эса 35-40 минг йилни ташкил қилади.

Бугун чашма атрофида яна бунёдкорлик ишлари авжида. Мажмуа улуғворлигини таъминлаш мақсадида зарур инфратузилма, сайёҳлар учун жаҳон андозаларига мос қулайликлар яратилмоқда.

Qishloqhayoti.uz сайтидан олинган

 


Ортга қайтиш