Бош саҳифа > Янгиликлар > Рақснинг сеҳрли олами

Рақснинг сеҳрли олами


22-06-2015, 12:02. Муаалиф: admin

Ўзбекистон давлат консерваториясида "Рақс сеҳри” деб номланган миллий ва жаҳон рақс санъати фестивали бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёшлар маданият ва санъат маркази, "Ўзбекрақс” миллий рақс ва "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмалари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талаба-ўқувчилари, театр ва ижодий гуруҳлар вакиллари иштирок этди.
 

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказиш мақсадида ўтказилаётган турли кўрик-танлов ва фестиваллар ёшларнинг ўз истеъдодини намоён этишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

  
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўғил-қизлар маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишлар кўламини янада кенгайтириш, уларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлашда дастуриламал бўлмоқда.
 

Ушбу рақс танлови ўн беш ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган йигит-қизларнинг саҳна маданияти, ижро маҳорати, актёрлик қобилиятини синовдан ўтказди. 


– Рақс санъати назокат ва нафосатга уйғун, – дейди энг яхши миллий рақс ижрочиси йўналиши ғолиби, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ўқувчиси Сафаргул Дониёрова. – Шу боис мазкур санъат тури қизларда нозик дидни ривожлантиришга хизмат қилади. Ушбу фестивалда жаҳон рақс санъати дурдоналаридан бирини ижро этдим.
 

Фестивалда "Энг яхши миллий рақс ижрочиси”, "Энг яхши жаҳон рақси ижрочиси”, "Энг яхши миллий рақс жамоаси”, "Энг яхши жаҳон рақси жамоаси”, "Оригинал ижро учун”, "Мухлислар олқиши учун”, "Оригинал ғоя учун”, "Анъаналар тарғиботчиси” номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. 


Санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.
 

 

Uza.uz сайтидан олинган.


Ортга қайтиш