Бош саҳифа > Янгиликлар > Суратларда акс этган олам

Суратларда акс этган олам


25-05-2015, 08:55. Муаалиф: admin

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида "Реал оламлар” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Унда тошкентлик моҳир рассом Александр Николаевнинг ижодий ишлари намойиш қилинмоқда. 

Кўргазманинг очилишида рассомлар, халқ амалий санъати усталари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, тасвирий санъат ихлосмандлари иштирок этди. 

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тасвирий санъат соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароит ва имкониятларни яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Мўйқалам аҳлига эътибор ва рағбат кўрсатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар тасвирий санъатнинг барча йўналишини равнақ топтириш, ёшларнинг мазкур санъатга бўлган меҳри ва иштиёқини оширишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ўзбек замонавий тасвирий санъатининг ёрқин вакилларидан бири бўлган мусаввир А.Николаев ижоди серқирралиги ҳамда ўзгача нафосати билан эътиборни тортади. Миллий руҳи билан томошабин меҳрини қозонган. Шу боис унинг асарлари юртимиз ва хорижда ўтказилган бир қатор кўргазмаларда муваффақият қозонган. 

Кўргазмада жонажон Ватанимизнинг бетакрор табиати манзаралари ҳамда меҳнатсевар халқимиз акс эттирилган картиналар намойиш этилаётир. Айниқса, «Боғ сайли», «Ош», «Кўприк», «Камалак», «Соҳил», «Рақс» каби асарлар санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.


Ортга қайтиш