Бош саҳифа > Янгиликлар > Имконият ва имтиёзлар самараси

Имконият ва имтиёзлар самараси


10-05-2015, 14:20. Муаалиф: admin

Навоий шаҳридаги "Триумф горняк” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган қурилиш ва трикотаж маҳсулотлари сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда. 

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имконият ва имтиёзлар самарасида жойларда янги ишлаб чиқариш турлари ўзлаштирилмоқда.
 

– Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган оҳак, полиэтилен қоплар ва трикотаж маҳсулотларига талаб ортмоқда, – дейди "Триумф горняк” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Валибой Файзиев. – Айни пайтда 50 га яқин хотин-қиз меҳнат қилаётган тикувчилик цехимизда 10 дан ортиқ турдаги болалар, аёллар ва эркаклар кийимлари тайёрланаётир. Келгусида корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш, маҳсулот тури ва сифатини ошириш эвазига ишчилар сонини 100 нафарга етказишни режалаштирганмиз. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган "Ташаббус – 2015” кўрик-танловининг Навоий вилояти босқичида мазкур корхона маҳсулотлари юқори баҳоланди. Корхона раҳбари Валибой Файзиев "Йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши ғолиби, деб эътироф этилди.
 

Танловнинг вилоят босқичида иштирок этган 50 тадбиркор, фермер ва ҳунарманднинг намойиш этган маҳсулотлари вилоятда қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандлик ривожланаётганини кўрсатди.
 

Нурота туманидан Гулжаҳон Исломова "Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, Қизилтепа туманидаги "Наргиз Диёр” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Раҳмонов "Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида биринчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловда, шунингдек, яна бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
 

 

Uza.uz сайтидан олинган.


Ортга қайтиш