Бош саҳифа > Янгиликлар > ШҲТ кузатувчилар миссияси иш бошлади

ШҲТ кузатувчилар миссияси иш бошлади


26-03-2015, 17:23. Муаалиф: info1

Ўзбекистонга Президент сайловини кузатиш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Бош котиб Дмитрий Мезенцев бошчилигидаги кузатувчилар миссияси ташриф буюрди.

 

Марказий сайлов комиссиясида миссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилган ишлар билан таништирди.

 

Учрашувда қайд этилганидек, барча тадбирлар белгиланган муддатларда сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёни халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчилари иштирокида очиқ ва ошкора олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва улар номидан фаолият кўрсатаётган ишончли вакиллари томонидан олиб борилаётган сайловолди ташвиқоти якунланмоқда. Барча номзодларга оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишда, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишда ҳамда сайловолди ташвиқотининг бошқа шакл ва усулларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилган.

 

19 мартдан сайлов куни у ёки бу сабабга кўра ўз яшаш жойида бўла олмайдиган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланиб давом этмоқда.

 

ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев ШҲТ кузатувчилар миссияси таркиби ташкилотга аъзо-давлатларнинг 10 нафар вакилидан иборат эканини қайд этди. Миссия аъзолари ўз фаолиятида мустақиллик, сиёсий бетарафлик, холислик тамойилларига таянади, хулосаларини ўзларининг шахсий кузатувлари ҳамда фактларга асосланган материалларга таяниб чиқаради.

 

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ кузатувчилар миссияси 2014 йилги парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини мониторинг олиб бориш доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишди. Сайлов якунлари бўйича эълон қилинган миссия баёнотида парламент сайлови шаффоф, транспарент ва демократик тамойиллар асосида ўтгани эътироф этилди.

 

elections.uz сайтидан олинган.

 


Ортга қайтиш