Бош саҳифа > Янгиликлар > Ёшларнинг суянчи ва таянчи

Ёшларнинг суянчи ва таянчи


26-02-2015, 19:35. Муаалиф: info1

Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 2014 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва жорий йилдаги истиқболли режаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. 

"Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан жисмонан ва маънан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан истиқлолнинг дастлабки ойларида "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. "Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори келажагимиз ворисларига замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериш, иқтидори ва истеъдодини юзага чиқариш, уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш имконини бермоқда. 

Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий, ёшларнинг истеъдод ва қобилиятини қўллаб-қувватлаш, спорт ва жисмоний тарбия, соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби соҳаларда амалга оширилган кўплаб лойиҳалар ўз сафларида 4,5 миллионга яқин ёшни бирлаштирган "Камолот” фаолиятида ёрқин акс этди. 

2014 йилда 34 мингга яқин тадбир ташкил этилиб, уларда 19 миллионга яқин ўқил-қиз иштирок этди. Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан тўрт мингга яқин учрашув ташкил этилиб, уларга 300 мингга яқин ёш жалб этилди. Ёшларга оид қонунчилик юзасидан бошланғич ташкилотлар фаоллари ва етакчилар томонидан уч юзга яқин таклиф берилди. Сайлов қонунчилигини тушунтириш юзасидан иқтидорли талабалардан иборат тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик туйғуларини, азалий қадриятларимизни тарғиб қилишга қаратилган "Биз – буюк юрт фарзандларимиз” ёшлар фестивали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилди. "Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида 45 турдаги 221 мингдан ортиқ китоб чоп этилиб, Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотларида "Камолот” кутубхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида энг намунали бошланғич ташкилотлар ва уларнинг етакчиларини рағбатлантиришга қаратилган уч босқичли ўқув-семинарлар ва форум ташкил этилиб, уларга жами 13,5 мингга яқин етакчи жалб этилди. 

Ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган "Менинг бизнес ғоям”, "Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловларида ўтган йили касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иштироки 3,5 баробарга ортди. Ғолибларга 15,7 миллиард сўм имтиёзли кредитлар олиш учун тавсияномалар берилиб, мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшилди. 

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўналишида "Тоза қўллар”, "Ёшлар чекишга қарши!”, "Ёшлар экоҳаётни танлайди” каби янги лойиҳалар доирасида барча туман ва шаҳарларда мунтазам фаолият олиб борадиган кўнгилли ёшлардан иборат соғлом турмуш тарғиботчилари шакллантирилиб, улар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Ҳаракатнинг таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлари ўртасида спортнинг футбол, футзал, шарқ яккакураш турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. 

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурига асосан мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 ёш оила "Камолот” уйлари билан таъминланди. Тадбирда ўнта ёш оилага "Камолот” уйларини олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар топширилди. 

Анжуманда 2015 йилда амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам сўз борди. "Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Ҳаракат томонидан мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида 12 мингга яқин "Нуронийлар эъзозимизда” ёшлар патронаж гуруҳларини ташкил этиш белгилангани қайд этилди. Мазкур гуруҳлар томонидан ҳудудларда истиқомат қилувчи 10 мингдан зиёд уруш қатнашчиси ва меҳнат фахрийси, 30 мингга яқин ёлғиз қария ва ногирон кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиниб, уларнинг кундалик юмушларига кўмаклашилади. 

Тадбир доирасида "Камолот” билан ҳаракатдамиз” фотокўргазмаси, "Камолот” кутубхонаси туркуми остида чоп этилаётган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.


Ортга қайтиш