Бош саҳифа > Янгиликлар > "Денгизни кутиб": Мўйноқда суратга олинган ҳужжатли фильм жаҳон кинофестивалларида нуфузли ўринларни эгаллади

"Денгизни кутиб": Мўйноқда суратга олинган ҳужжатли фильм жаҳон кинофестивалларида нуфузли ўринларни эгаллади


27-09-2020, 09:29. Муаалиф: info
"Денгизни кутиб": Мўйноқда суратга олинган ҳужжатли фильм жаҳон кинофестивалларида нуфузли ўринларни эгаллади

Нью-Йорклик кинорежиссёр Жорж Ицхакнинг Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ шаҳрида суратга олинган "Денгизни кутиб" қисқа метражли ҳужжатли фильми "Moscow Shorts International Film Festival” ҳамда "Long Story Shorts International Film Festival” фестивалларида "Энг яхши ҳужжатли фильм" ва "Энг яхши операторлик иши" номинацияларида ғолиб бўлди. Шу билан бирга, ушбу фильм бошқа қатор халқаро кинофестивалларда турли номинацияларда иштирок этган. "Денгизни кутиб" фильмида мамлакатнинг электрон ҳамда халқ мусиқаси Орол денгизининг аянчли тақдири билан уйғунлаштирилган. Жорж Ицхак 2018 йилнинг сентябрь ойида илк бор Қорақалпоғистон Республикасининг Муйноқ шаҳрида ўтказилган «Стихия» электрон мусиқа фестивали ғоясига мафтун бўлган. Шаҳар ўзининг аянчли тақдири билан танилган: қачонлардир Орол денгизининг жанубий қирғоғида жойлашган ва балиқ овлаш саноати билан машҳур бўлган Мўйноқ шаҳри бугунга келиб қуришда давом этаётган денгиздан ўнлаб километр узоқлашиб кетган. 2019 йилнинг август ойида у Ўзбекистонга "Стихия” фестивалининг иккинчи мавсумида иштирок этиш, шунингдек ўзбек маданияти ва пойтахтнинг ёш электрон мусиқачилари чиқишидан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюрди.   У яратган ҳужжатли фильмда Ўзбекистонда ҳеч қачон яшамаган ўзбекнинг  шахсий қарашлари ҳамда унинг қадимий анъаналар билан замонавийлик ўртасидаги боғланишлар тасвирланган. Шу билан бирга, фильм Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Орол денгизини таништиришда кўп қўлланилувчи эски стереотипларни йўққа чиқаради. Сафар олдидан режиссернинг асосий мақсади мамлакатнинг визуал тилини англаш, муҳитга шўнғиш ва ўз тажрибасини намойиш қилишни  мақсад қилган. Жорж Ицхак асли Тошкентда туғилиб, бугунги кунда Нью-Йоркда яшайди. У ҳужжатли фильмлар продюсери ҳамда АҚШнинг энг машҳур кечки янгиликлар шоуларидан бири ҳисобланган "NBC Nightly News” продюсери сифатида фаолият кўрсатади. "Новастан” портали мухбири билан суҳбатда режиссёр "Стихия” фестивали ҳақида қандай хабар топганини сўзлаб беради: "Барчаси  Facebook саҳифасида кимнингдир бўлишган суратидан бошланди:  бу "Стихия” фестивали рекламаси эди ва унда миллий либосдаги аёл тасвирланганди, бироқ айни пайтда суратда электрон мусиқа услуби ҳам акс этган эди.Бу деярли сеҳрли картина эди: у мен кўриб ўрганган Ўзбекистоннинг анъанавий маданияти ва замонавийликни ўзида мужассам қилган эди. Ушбу икки элемент уйғунлашуви мени лол қолдирди ва мен бор диққатимни шунга қаратдим. Шу тариқа мен "Стихия” фестивали ҳақида билиб олдим”. 

























Кейинроқ Жорж фестиваль ташкилотчилари билан боғланиб, янги кинолойиҳани шакллантиришга киришди. Нью-Йоркда бирга ўқиган ҳамкасби Неха Хирвага қўнғироқ қилиб, "Қулоқ солинг, менда ажойиб ғоя бор ва бу бизга қимматга тушмайди, лекин сизга ваъда бераман - бу жуда катта саргузашт бўлади” деб айтади. Улар ўзаро суратлар, ғоялар билан алмашиб, Марказий Осиё кино дунёсини ўргана бошлашган. "Денгизни кутиб" ҳужжатли фильми жаҳоннинг қатор кинофестивалларида жумладан, "Long Story Shorts International Film Festival”, "Moscow shorts International Short Film Festival”, "Prague International Film Festival”, "Lebanese Independent Film Festival”, "Ojai Film Festival”, "In The Palace International Short Film Festival”, "Lonely Wolf London International Film Festival”, "Tokyo Lift-Off Film Festival” каби фестивалларда турли номинацияларда қатнашиб, "Энг яхши ҳужжатли фильм" ва "Энг яхши операторлик иши" номинацияларига муносиб кўрилди. Келгусида режиссёр ушбу фильмни киноижодкорларнинг кенг жамоатчилиги бўлган Буюк Британия ва Германияда намойиш этишни ва Марказий Осиёга эшикларни очишни режалаштирмоқда. "Денгизни кутиб” ҳужжатли фильмни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин: https://bit.ly/2HpIiFv «Стихия» электрон мусиқа фестивали ҳақида маълумотлар: http://stihia.org/ 
Подробнее: https://uzbektourism.uz/cyrl/newnews/view?id=1377
Подробнее: https://uzbektourism.uz/cyrl/newnews/view?id=1377
Ортга қайтиш