Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳасига мувофиқ Наманган шаҳридаги "Истиқлол дизайн маркази” масъулияти чекланган жамияти қошида либослар дизайни конструкторлик маркази очилди. 

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор енгил саноат, хусусан, тўқимачилик ва тикувчилик саноатининг жадал тараққий этишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз 2011 йилда Наманган вилоятига ташрифи чоғида эркаклар мавсумий либослари тикишга ихтисослашган "Истиқлол” корхонаси жамоаси билан учрашувида инсоннинг ҳамма нарсаси – қалби ҳам, ташқи кўриниши ҳам, кийими ҳам гўзал бўлиши кераклиги, либос – инсон зийнати эканини, бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг кийинишга, кийим танлашга бўлган эътибори, эҳтиёжи ва талаби тамомила ўзгарганини таъкидлаб, бу борада ўсиб бораётган талабни юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли маҳсулотлар ҳисобидан қондира оладиган корхоналарни кўпайтириш, ёш, истеъдодли, замон талаби, бозор эҳтиёжини пухта биладиган мутахассислар тайёрлаш хусусида алоҳида тавсиялар берган. 

– Бугун корхонамиз қошида очилган мазкур либослар дизайни конструкторлик маркази давлатимиз раҳбари томонидан берилган кўрсатмаларнинг амалий ифодасидир, – дейди "Истиқлол дизайн маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Умаров. – Қиймати 47 минг долларга тенг мазкур лойиҳага асосан марказ замонавий компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Бу корхонада либос бичиш, янги модель ва дизайнлар яратишнинг тезкор, қулай ва замонавий тизимини яратиш имконини беради. 

– Шу пайтгача бичиш ишлари қўлда, яъни чизғичлар ёрдамида бажарилар, янги яратилган либосни манекенга кийдириб кўрилмагунча камчилик ва нуқсонларини билиб бўлмасди, – дейди модельер-конструктор Дилобар Ҳайитбоева. – Энди бу жараёнлар САD дастури, 3D-моделлаштириш, рақамлаштириш, эскизларни реал ҳажмда босиб чиқариш орқали моделларни тузиш ишлари юқори технологияли компьютерлаштирилган тизим ёрдамида тезкорлик билан бажарилади. 

Марказда йилига 50 га яқин касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу вилоятдаги тикувчилик корхоналарини замонавий мутахассислар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳага кўра, ўқув амалиёти даврида ўзини намоён этган ўн нафар ўқувчи "Истиқлол дизайн маркази” корхонасида иш билан таъминланади. 

Иштирокчилар либослар дизайни конструкторлик маркази имкониятлари билан танишди. 
 
 
 
 
 
 
 

 
 
Манба: Uza

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.