Қибрай туманида "Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва журналистика соҳалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ижодкорларга муносиб шароит яратиш, соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган "Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови бетакрор Ватанимиз, истиқлол ва тинчликнинг қадр-қиммати мадҳ этилган ижодий асарларни кенг тарғиб этиш ва муаллифларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Бу йилги танлов Президентимизнинг жорий йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилди. 

– Танловга тақдим этилган шоир ва ёзувчиларнинг, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, мусаввирлар, халқ амалий санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерларнинг ижодий ишлари ҳар томонлама кўриб чиқилди, – дейди Тошкент вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи З.Эралиева. – Иштирокчилар мустақиллик йилларида вилоятимизда қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар, амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, бой тарихимиз, урф-одат ва миллий қадриятларимизни ўз асарлари орқали намойиш этди. 

Тадбир доирасида вилоят ижодкорлари асарларининг кўргазмаси ташкил этилди. 

Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, муносиб тақдирланди. 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Манба:Uza

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.