"Туркистон” саройида "Намунали милиция таянч пункти” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик таъминланаётгани таъкидланди. Барча ҳудудларда маҳалла идораси ва милиция таянч пункти инфратузилмаси замон талаблари асосида бунёд этилган. Уларда профилактика инспектори, маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, хотин-қизлар кенгаши, яраштириш комиссияси ва посбонларнинг бир жойда, ҳамкорликда фаолият юритаётгани ижтимоий масалаларни сифатли ҳал этиш ва муаммоларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Ҳар йили ўтказиб келинаётган "Намунали милиция таянч пункти” кўрик-танлови соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимиздаги 450 дан зиёд милиция таянч пунктининг кўпчилиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода фаолият юритмоқда. Милиция таянч пунктларининг аксарияти ҳузурида факультатив тўгараклар, кичик бизнес шохобчалари, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун жиҳозланган спорт майдончалари мавжудлиги маҳаллалар ободлиги, муҳити соғломлигига хизмат қилмоқда.

Танловда айнан шу жиҳатларнинг яхши йўлга қўйилгани, маҳаллада ўрнатилган тинчлик-барқарорлик, бу борада профилактика инспекторлари кўрсатаётган фидойи меҳнат натижаларига эътибор қаратилди.

Танлов якунига кўра, Олмазор тумани Хончорбоғ маҳалласидаги 186-милиция таянч пункти ғолибликни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Маҳалламизда ёшлар кўпчиликни ташкил этади, – дейди 186-милиция таянч пункти профилактика инспектори Ориф Ғоипов. – Улар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, касб-ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиб чиниқиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ёшларни фойдали ишларга жалб этиш билан бирга, ҳуқуқий онгини ўстириш, турли зарарли одатларга берилмаслигини таъминлаш борасида зарур профилактика ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Чилонзор тумани Чилонзор маҳалласидаги 339-милиция таянч пункти иккинчи, Юнусобод тумани Қашқар маҳалласидаги 402-милиция таянч пункти учинчи ўринни эгаллади.

Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга янада файз бағишлади.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди.

Манба: Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.