Коллежни битираётган Жавлоннинг мақсади аниқ. У қоғозни қайта ишловчи корхона очиш ниятида. Лекин бизнес-режа тузиш, банкдан имтиёзли кредит олишнинг йўл-йўриғини билмасди. Ўзи ўқийдиган Миробод енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежида "Бўлажак тадбиркор – келажакка пойдевор” мавзуида ўтказилган ўқув-семинарда қатнашиб, ишни нимадан бошлаш кераклигини билиб олди. 

"Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Миробод тумани кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ташаббускор ёшларни ушбу соҳага кенг жалб этишга кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди.
 

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги "Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда муҳим дастур бўлмоқда.
 

Ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этишга йўналтирилган "Менинг бизнес ғоям”, "Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, "Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” лойиҳаларида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари фаол иштирок этмоқда. Ишбилармонлар, банк мутахассислари иштирокида ташкил этилаётган учрашувлар, семинар-тренинглар ёшларнинг тадбиркорлик ҳақидаги билимларини бойитишга хизмат қилмоқда.
 

– Қоғозни қайта ишлаб, маҳсулотларни қадоқлашга мўлжалланган картонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганман, – дейди Жавлон Бакиров. – Мазкур семинарда банкдан кредит олиш ва тадбиркорликни нимадан бошлаш кераклиги бўйича билим ва тушунчаларимизни бойитдик. Бу ўз мақсадимиз сари янада дадил интилишга ундайди.
 

Ўқув-семинарда коллеж битирувчилари "Менинг бизнес ғоям”, "Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳалари ва уларда иштирок этиш шартлари ҳақида ҳам маълумотга эга бўлди.
 

 

Манба:Uza.uz

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.