Навоийда "Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва етук мутахассис кадрлар бўлиб улғайишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. 

Танловда вилоятнинг барча туманларидан келган энг фаол ёш мутахассислар 7 номинация бўйича долзарб ғоя, янги ишланма, инновация, янги фаолият турларини йўлга қўйиш борасидаги лойиҳалари билан иштирок этди. 

Хатирчи туманидаги "Истиқлолнинг 10 йиллиги” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Эшниёзов "Энг фаол ёш фермер”, Навоий шаҳридаги "Дил-Монд” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қамбарали Наврўзов "Энг фаол ёш тадбиркор”, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Қизилтепа тумани филиали ходими Одилжон Бобоқулов "Энг фаол ёш банк ходими”, Навоий шаҳридаги "Навоий фуқаро-лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти архитектор-дизайнери Нодира Исомиддинова "Энг фаол ёш архитектор”, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери врач-лаборанти Яндаш Мавлонов "Энг фаол ёш шифокор”, Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Анваржон Қандаҳоров "Энг фаол ёш олим”, Нурота табиий-меъморий мажмуа музейи ходими Рухсора Шаропова "Энг фаол ёш маданият ходими” номинацияларида ғолибликни қўлга киритди. 

– Ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Қ.Наврўзов. – Дастлаб 20 сотих ерда иссиқхона ташкил этган бўлсак, ҳозир бир гектар ерда деҳқончилик қилмоқдамиз. Турли кўринишдаги темир панжара, дарвоза, ўйин майдончалари учун арғимчоқ ва аттракционлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз. Энди 255 миллион сўм кредит маблағи эвазига хориждан замонавий технологиялар келтириб, юмшоқ мебеллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилишини ҳам бошлаб юбордик. Бундай ютуқларимиз замирида Президентимизнинг тадбиркорлик ривожига қаратаётган юксак эътибори мужассам. 
Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади. 

Манба: Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.