Пойтахтимизда "Юксак маънавиятли авлод” ёшлар фестивалининг мамлакат босқичи бўлиб ўтмоқда. 

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, ижодий лойиҳанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ғолиблари иштирок этаётир. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни миллий истиқлол ғоясига садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни Ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлидаги эзгу ишларга рағбатлантириш, онгу шуурида дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги ва 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишларни янги босқичга кўтариш, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг бу йўналишдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари ёшлари иштирокида ўтказилаётган "Юксак маънавиятли авлод” фестивали бу борадаги эзгу ишлардандир. 

Фестиваль иштирокчилари дастлаб мамлакатимизнинг бош майдонида бўлиб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган фестивалнинг асосий тадбирларида ёшлар "Президент асарлари билимдони”, "Мустақиллик тарихи билимдони”, "Бадиий ижод”, "Энг иқтидорли ҳунарманд”, "Ўз асарида миллийликни акс эттирган рассом”, "Ўз асарида миллийликни акс эттирган дизайнер”, "Ватан куйчиси” ва "Юксак маънавиятли авлод” номинацияларида ўз иқтидорини намоён этмоқда. 

– Бугунги глобаллашув замонида инсон онгу қалби учун кураш тобора кучаймоқда, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази етакчи мутахассиси Шарофиддин Хонимов. – Шу боис мамлакатимизда мафкуравий хуружларга қарши маърифат билан курашишга асосий масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Эртамиз эгалари жисмонан соғлом, маънан етук, она Ватанга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камолга етаётганидан қувонамиз. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида ёшларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги самарасидир. 

Фестивалда 326 ёш иқтидор соҳиби ўзининг Ватанимизга бўлган қайноқ муҳаббати, юксак маънавий фазилатларини ўз ақлу салоҳияти, яратган санъат асарлари, ҳунармандчилик буюмлари орқали ифода этди. 

– Фестивалда ўзим тиккан каштачилик буюмлари билан иштирок этмоқдаман, – дейди Республика дизайн коллежи ўқувчиси, "Ташаббус” кўрик танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби Бибисора Халилова. – Турли либослар, дастурхон, сўзана ва бошқа буюмларга миллий нақшларни солдим. Кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган бу буюмларни безашда асосан анор рамзидан фойдаланганман. Биламизки, анор мукаммаллик, гўзаллик, муҳаббат, мустаҳкам оила рамзи ҳисобланади. Мен тақдим этаётган каштачилик буюмлари ёшларда мана шу фазилатларни шакллантиришга қаратилган. 

– Адрас ва беқасамдан тайёрлаган миллий либосларимда қуроқчилик услубидан фойдаланаман, – дейди "Юрт келажаги” танловининг Фарғона вилояти босқичи ғолиби, Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофат Орифжонова. – Шу йўл орқали либослар дизайнига ўзига хослик бағишлашга интилдим. Ушбу тадбир мен каби ёшлар ижодини ривожлантиришда, ўз қизиққан соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, у биз, ёшларни миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга, ижодий изланишга ундайди. 

Фестиваль доирасида малакали мутахассислар томонидан маҳорат сабоқлари, семинар-тренинглар, таниқли актёрлар ва санъаткорлар билан учрашувлар, ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилади. 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.