29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Парламент қуйи палатасининг кун тартибига "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги, "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ҳамда мамлакатимиз ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган бошқа қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини муҳокама этишга доир масалалар киритилди.
 

Барча масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бир қатор қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтган эди. Уларни муҳокама қилиш жараёнида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор амалий таклифлар билдирилди.
 

Депутатлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар.
 

Таъкидландики, инвестиция ва пай фондлари жаҳон амалиётида кенг ёйилган. Шу сабабли "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини сифатли тайёрлаш мақсадида АҚШ, Германия, Корея, Россия ва бошқа мамлакатларнинг ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари таҳлилдан ўтказилди. Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунлар инвестиция ва пай фондларини ташкил этиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Уларда "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган асосий нормалар белгилаб қўйилган.


Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва пай фондларининг фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунни қабул қилиш зарурлиги шу билан изоҳланадики, мазкур институтлар ўзига хос механизм бўлиб, ушбу механизм ёрдамида хусусий шахслар пул маблағлари ва бошқа активларни бошқариш учун профессионал менежерлар қўлига топширадилар. Натижада жамоавий инвестициялаш тизими ишга тушади ва бу бўш турган пул маблағларини ҳаракатга келтириш ҳамда уларни миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларини молиялаштиришга йўналтириш имконини беради.
 

Бинобарин, инвесторлар киритган маблағларнинг ягона жамланмаси шакллантирилади. Унда ҳар бир инвесторнинг ўз инвестицияларига мутаносиб улуши бўлади. Бу профессионал бошқарувни, харажатлар ва таваккалчиликлар диверсификация қилиниши ҳамда камайишини таъминлайди.
 

Янги қонуннинг қабул қилиниши фонд бозори томонидан иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сармоянинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторларга ва аҳолининг кенг қатламларига капитал бозорига кириш имкониятини бериш, жамғармаларни шакллантириш ва кўпайтириш учун муқобил имкониятлар яратиш каби вазифалар янада самарали бажарилишига хизмат қилади.
 

"Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.
 

– Фракциямиз аъзолари ЎзЛиДеП сайловолди дастурининг асосий қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда хусусий мулк институтининг янада ривожланишини таъминлаш муҳим устуворликлардан бири сифатида белгиланган "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини таҳлил қилиб чиқдилар, – дея таъкидлади Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг аъзоси Б.Темирханова. – Мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг бўш турган пул маблағларини ишга солиш ва уларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига йўналтириш йўли билан Ўзбекистонда жамоавий инвестициялаш тизимини яратишда муҳим рағбатлантирувчи омил бўлишини таъкидлаш муҳимдир. Ҳужжатнинг қабул қилиниши инвестициялар билан боғлиқ ўзаро муносабатларни тартибга солиш имкониятини беради, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳаларда ўтказилаётган босқичма-босқич ислоҳотлар жараёнида катта аҳамиятга эга бўлади. Бу партиямиз электоратининг манфаатларига монанддир.
 

– Мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида фракциямиз аъзолари алоҳида қайд этиб ўтдиларки, мамлакатимизда инвестициялашнинг турли усуллари ривожлантирилаётгани ҳамда аҳолининг фонд бозори тўғрисидаги хабардорлиги ўсиб бораётгани боис инвестиция ва пай фондлари инвестицияларни амалга оширишнинг тобора қулай механизмига айланмоқда, – деди Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзоси М.Ғафурова. – Шу сабабли бугунги кунда ушбу соҳа аниқ ҳуқуқий тартибга солишни, хусусан "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги махсус қонун қабул қилинишини тақозо этмоқда. Бу пул маблағлари ва бошқа активларни профессионал бошқарувчи компанияларга бошқаришга бериш йўли билан хусусий инвестициялар оқимини рағбатлантириш имконини беради. Натижада профессионал бошқарувни, таваккалчиликлар диверсификация қилиниши ва инвестицияларни бошқариш харажатлари камайишини таъминлайди.
 

– Партиямиз сайловолди дастурининг асосий қоидалари нуқтаи назаридан инвестиция ва пай фондларини бошқариш институти алоҳида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик. Чунки у аҳолининг мамлакатимиз молия институтларига ишончи ошишига, фуқароларнинг даромадлари кўпайишига, шу аснода одамларнинг турмуш даражаси ва сифати юксалишига жиддий таъсир кўрсатади, – деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзоси Қ.Мирзаев. – Шунга қарамай, амалдаги қонун ҳужжатларида ҳозиргача ана шу фондларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун йўқ. Инвестиция ва пай фондларини ташкил этишнинг асосий принциплари, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фондларни тартибга солувчи ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйиладиган "Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилишнинг аҳамияти ана шулар билан изоҳланади.
 

– Фракциямиз мажлисида мазкур қонун лойиҳаси сайловолди дастуримиздан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди, – дея таъкидлади "Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг аъзоси Ш.Полванов. – Шуни таъкидлаш муҳимки, қонуннинг қабул қилиниши инвесторларнинг бўш турган пул маблағларини жамлаш имкониятини беради ва барқарор даромад олинишини, шунингдек, мамлакатимиз молиявий бозори инвестициялашнинг халқаро амалиёти йўналишида ҳаракатланишини таъминлайди. Бу эса инвестициялаш жамоавий институтлари янада ривожланишига ва улар олдида фаолиятнинг янги уфқлари очилишига ижобий таъсир кўрсатади.
 

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қоидаларини маъқулладилар ва уни қабул қилдилар.
 

Депутатлар кун тартибига киритилган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилдилар.
 

Ўзбекистон Республикаси
 
Олий Мажлиси
 
Қонунчилик палатасининг
 
Ахборот хизмати
 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.