Навоийда "Инновацион ғоялар” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Навоий вилояти ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, Навоий давлат кончилик ва Навоий давлат педагогика институтлари ҳамда бир қатор корхона, ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танловда саноат, соғлиқни сақлаш, информацион технологиялар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 30 дан ортиқ инновацион технология ва лойиҳа тақдим этилди. 

– Мазкур танлов ёш тадқиқотчи ва олимларнинг янги инновацияларини оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир, – дейди "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши "Сreative” ёш техниклар ва график дизайнерлар клуби координатори Баҳодир Абдуллаев. – Танлов доирасидаги кўргазмаларда намойиш этилган муқобил электр манбаларидан унумли фойдаланиш, кимё ҳамда кончилик саноатига мўлжалланган истиқболли лойиҳалар, айниқса, кўпчиликда қизиқиш уйғотди. 

Илмий изланишлар ва инновацияларни ҳаётга татбиқ этиш самарасида импорт товарларнинг муқобилини ўзимизда ишлаб чиқариш тажрибаси иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди. 

Отабек Ниёзов биринчи, Сафар Бегманов, Феруз Тўхтаев иккинчи, Сардор Нодиров, Содиқ Лутфуллаев, Самад Ҳакимов учинчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

– Кўргазмада кончилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаси учун ўзига хос янгича маҳсулот турини таклиф этиб, ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди "Навоийазот” акциядорлик жамияти ходими Отабек Ниёзов. – Хориж тажрибасида хлорли кальций грануласидан кўпгина соҳаларда фойдаланилади. Биз тақдим этган лойиҳа импорт ўрнини тўлиқ боса олади. Ишланмамиз амалиётга жорий этилгач, 30 янги иш ўрни яратилиб, корхонага йилига 1 миллиард 500 миллион сўм даромад келтиради. Муҳими, кўп миқдорда ишлаб чиқариладиган хлордан янада фойдали янги маҳсулот тури ўзлаштирилади. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.