Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигида линияли таксилар фаолиятини тартибга солишга доир чора-тадбирлар ва ушбу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида кўрсатилаётган хизматларни янада ривожлантириш ва уларнинг сифатини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль транспорти тўғрисида”ги ва "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ йўловчилар ҳаёти, саломатлиги, мол-мулки, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган барқарор механизм яратилди. 

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг лицензиялаштириш бўлими бошлиғи А.Исаевнинг сўзларига кўра, мамлакатимизда автомобиль транспорти жадал ривожланаётган транспорт турларидан бири бўлиб қолмоқда ва барқарор тараққиёт тенденциясига эга. Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 4,3 мингдан ортиқ шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналиш фаолият кўрсатмоқда. 

Йўловчи ташиш соҳасида, жумладан, соғлом рақобат муҳити яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида барча шаҳар ва аҳоли пунктларида йўловчи ташиш хусусий ташувчилар томонидан амалга оширилмоқда. Автотранспорт хизматларининг 99 фоизи хусусий сектор томонидан тақдим этилмоқда. Тадбиркорлар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб, замонавий автовокзал, автобус станцияси ва бекатлар қурилиши ёки мавжудларининг реконструкция қилинишида иштирок этаётир. 

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.