Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги заводлардан бирида наркобизнесга қарши кураш давомида мусодара қилинган катта миқдордаги гиёҳванд моддалар йўқ қилинди. Тадбир Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни арафасида ўтказилди. 

Жорий йилда 775 килограммопий, 309 килограмммарихуана, 133 килограммдан зиёд героин, 93 килограммдан ортиқ наша, 84 килограмм кўкнори, шунингдек, катта миқдордаги кўкнори ва наша ўсимлиги, таблетка ва эритмалар шаклидаги гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди. 

Тадбирда БМТ, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссияси аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари, экспертлар, журналистлар иштирок этди. 

Судларда ашёвий далил сифатида кўрсатилган наркотик воситаларни махсус печларда ёқиш орқали йўқ қилиш амалиёти мамлакатимизда 1994 йил май ойидан буён қўлланиб келинмоқда. Ўтган вақт давомида мамлакатимизда жами 54 тонна гиёҳванд воситалар ёқиб юборилди ва бунинг натижасида миллионлаб инсонлар ҳаёти асраб қолинди. 

– Ҳар йили наркотик моддалар бутун дунёда 200 мингдан зиёд кишининг умрига зомин бўлмоқда, жиноятчилар эса ушбу "заҳри қотил”ни сотишдан миллионлаб доллар даромад олмоқда, – деди БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал. – Наркотик моддалар савдоси трансчегаравий муаммо бўлиб, уни ҳал қилиш учун ҳам миллий, ҳам давлатлараро даражада қатъий ҳамда ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси "заҳри қотил”га қарши курашишда халқаро ташкилотларнинг стратегик шериги ҳисобланади ва ҳар йили ушбу йўналишда улкан ишларни амалга оширмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2014 йилда мамлакатимизда қарийб 2,3 тонна наркотик воситалар мусодара қилинган. «Қорадори – 2014» операцияси давомида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликлар экилгани ҳақида 1125 ҳолат аниқланган. 

2014 йилда гиёҳванд моддалар олди-соттиси билан шуғуллангани учун қўлга олинганлар орасида МДҲ, Осиё ва Европа давлатларининг 100 нафар фуқароси ҳам бор. Улардан 133 килограммдан зиёд гиёҳванд модда, 1530 психотроп таблетка ва прекурсорлар мусодара қилинди. 

Таъкидлаш жоизки, аниқланган ҳар бир жиноят – бу Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси тизимида наркотикларга қарши курашиш бўйича махсус бўлинмалар фаолият кўрсатмоқда. 

Ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ва Олий ҳарбий божхона институтида махсус кафедралар фаолият кўрсатмоқда. Давлат божхона қўмитаси таркибида илғор технологиялар бўйича кинолог мутахассислар ва қидирув-хизмат итларини тайёрлайдиган ҳамда ўқитадиган Миллий кинология маркази ташкил этилган. Сўнгги йилларда мамлакатимиздан уч мингдан зиёд мутахассис халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатларда ўқиб, малакасини ошириб келди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ташкил этилган Психоактив моддаларни суиистеъмол қилиш соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш маркази бу борада тегишли маълумотлар тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланмоқда. Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таҳлил бошқармаларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши бўйича ахборот-таҳлил тизими фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда Миллий идоралараро маълумотлар базаси тизимини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилаётир. 

Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг маҳорати ва мавжуд моддий-техник имкониятлар кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Масалан, 2014 йили давлат чегараси орқали наркотиклар контрабандаси каналини ташкил этиб, катта миқдорда гиёҳванд моддалар олиб ўтадиган бир қанча минтақалараро гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. 

Шундай гуруҳлардан бирининг аъзоси – Афғонистон фуқароси Шоҳжаҳон Зиё ўғли ўтган йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган. У тунда Амударё орқали резина қайиқда "қимматбаҳо юк”, яъни 64,6 килограмм опий олиб ўтишга уринган. Унинг яна бир ҳамюрти Абдулҳаким Муҳаммадқул ўғли ҳам шу туманда 20,3 килограмм опий билан қўлга тушган. Ўтган йили март ва май ойларида Самарқанд вилоятида ҳам 45 ва 32,5 килограммопий мусодара қилинди. Ушбу махсус операциялар Афғонистон ва Тожикистондан йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар контрабандасининг олдини олди. 

Ваколатли органлар қўшни давлатлардан наркотиклар етказиб бераётган оғуфурушларни аниқлаш борасида ҳам катта ишларни олиб бормоқда. Бунинг учун чегара ва божхона назорати кучайтирилиб, транспорт воситалари синчковлик билан кўздан кечирилаётир. Бунинг натижасида, масалан, 2014 йилнинг декабрида Тожикистондан Литвага кетаётган транзит юк поездидаги юклар орасида 6,8 килограмм героин борлиги аниқланди. 

– Наркотиклар етиштирувчи энг йирик мамлакат бўлиб қолган Афғонистон билан чегарадошлик Ўзбекистондаги гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори А.Мансуров. – Афғонистонда тайёрланган наркотикларни Ўзбекистонга асосан Тожикистон, Қирғизистон ва бевосита Афғонистондан олиб киришга уринилмоқда. Бунга қарши аниқ йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар самарасида гиёҳванд моддаларнинг йўлига мустаҳкам тўсиқ қўйилган. Натижада Ўзбекистонда наркотик моддалар ишлаб чиқаришнинг хомашё базаси йўқ қилинди, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар сони ҳамда наркомания касаллиги кўрсаткичи йил сайин камайиб бормоқда. Масалан, 2014 йил 2013 йилга нисбатан гиёҳвандликка мубтало бўлган 18-19 ёшдаги беморлар сони 7,2 марта камайди. 

Мамлакатимизда қабул қилинган Наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури ўз самарасини бераётир. Бу эса Ўзбекистон халқаро ташкилотлар фаолияти доирасида наркотикларга қарши курашиш бўйича зиммасига олган мажбуриятларни, имзоланган икки ва кўп томонлама шартномаларни тўлиқ бажараётганидан далолат беради. 

Ўзбекистон гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзосидир. Мамлакатимиз Марказий Осиё наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази ишида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Тошкентда БМТнинг Марказий Осиёда Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти, Интерпол ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар билан ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу борада ахборот ва тажриба алмашинаётгани гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши минтақавий ва халқаро даражада курашишда муҳим омил бўлмоқда. 

Наркотикларни ёқишга бағишланган бу галги маросим мамлакатимизнинг ушбу глобал муаммога нисбатан қатъий позициясини яна бир бор намоён этди. Мазкур тадбирнинг гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича ойлик доирасида ўтказилгани кенг кўламли тушунтириш ишларининг самарадорлигини янада оширмоқда. 

Ойлик доирасида гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишнинг фожиали оқибатларига бағишланган туркум эшиттириш ва кўрсатувлар эфирга узатилиб, босма ва электрон нашрларда мақолалар эълон қилинаётир. Меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, маҳаллалар, болалар ёзги оромгоҳлари, клубларда давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. 

Наркотикларни ёқиш маросимида хорижлик ва мамлакатимиз экспертлари барчани гиёҳванд моддаларга қарши курашишда янада жипслашишга чақирди. Зеро, инсониятга таҳдид солаётган энг ёвуз хавфга қарши курашишда давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг яқин ҳамкорлигидагина кутилган натижаларга эришиш мумкин. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.