Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги улар фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, давлат органлари ва фуқароларнинг мунтазам мулоқотда бўлишини таъминлайди. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ушбу органлар фаолияти устидан ҳаққоний ва самарали жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, уларнинг фаолияти, қабул қилган қарорлари тўғрисида фуқароларнинг бевосита хабардор бўлиши ҳуқуқини кафолатлайди. 


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш: қонунчилик асослари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти” мавзусида ташкил этилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуродов ва бошқалар мамлакатимизда ахборот соҳасида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлиги ошишига хизмат қилаётганини таъкидлади. 2014 йилда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди. 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Maмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштирди. Аҳоли, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига оид маълумотлардан кенг хабардор бўлишга оид ҳуқуқлари кафолатини янада мустаҳкамлади. 

Парламент қуйи палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан қонуннинг моҳиятини ижрочиларга етказиш ҳамда зарур тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида яқинда Фарғона вилоятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар вакиллари иштирокида семинарлар ташкил этилди. Унда аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти ҳақида тўлиқ ва тизимли равишда ахборотлар билан таъминлашга қаратилган сайтлар фаолияти таҳлил қилинди. 

Фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар ва экспертлар жойларда очиқликни таъминлашда қонун нормаларидан унумли фойдаланмоқда. Бу жараёнда ахборот хизматлари фаолияти такомиллашиб, бу тизим орқали аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари зарур ахборотларни ўз вақтида олиш имконига эга бўлаётир. Замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда Ягона портал орқали мурожаат этиш ҳам оммавийлашиб бормоқда. 

Семинарда қонунда белгилаб берилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, бу борада аҳолининг барча қатлами ҳуқуқий маданиятини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.