Мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида 2015/2016 ўқув йили учун қабул жараёни давом этмоқда


...Бу кун Асқар Нуров учун масъулиятли ва ҳаяжонли дамларни туҳфа этди. У ўз ҳаётидаги энг муҳим қарорлардан бирини қабул қилди: ўзи қизиққан касбни эгаллаш учун илк қадамни ташлади. 

– Узун агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, – дейди Асқар. – Бугун Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг сув хўжалигини автоматлаштириш ва механизациялаш факультетига ҳужжат топширдим. Мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам замонавий технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг саноатлашаётгани боис малакали кадрларга талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ушбу даргоҳда ўқиб, сув хўжалигини механизациялаш соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиш ниятидаман. 

Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг билим олиши, меҳнат қилиши ва эркин касб танлаши Конституциямизда кафолатланган. 

Мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида навқирон авлодда мутлақо янгича тафаккур, ўқишга алоҳида масъулият ва иштиёқ шаклланди. Эндиликда ҳар бир йигит-қиз ўз келажагини пухта билим олиб, Ватан равнақи, унинг гуллаб-яшнаши йўлида самарали меҳнат қилиш билан уйғун ҳолда кўрмоқда. 

Бу мамлакатимизда ёшларнинг олий маълумотли бўлишга интилиши йил сайин ортиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлаётир. Масалан, 2013 йили мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига 480 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 2014 йили 543 мингдан ортиқ йигит-қиз университет ёки институтда ўқиш иштиёқини билдирган. 

Тошкент ирригация ва мелиорация институти қабул комиссияси масъул котиби Бахтиёр Худоёровнинг таъкидлашича, йигит-қизларнинг таълим олишга иштиёқи кучаяётганининг яна бир сабаби, олий ўқув юртларида таълим олиш, билимларни бойитиш, зарур маърифий манбаларни топиш учун ахборот-ресурс марказларининг энг сўнгги технологиялар билан таъминланаётгани, талабалар турар жойларида яшаш учун қулай шароитлар яратилаётганидир. 

Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги "Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизациялаш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш тўғрисида”ги қарори асосида мазкур институт фаолияти ҳам жаҳон андозалари даражасида ташкил этилган. Таълим сифатининг юқорилиги қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига қизиққан ёшларни ўзига жалб этмоқда. 

Ўтган йили гидромелиорация, сув хўжалигини автоматлаштириш ва механизациялаш, сув хўжалигини бошқариш ва унинг иқтисодиёти, ердан фойдаланиш ва ер кадастри, ирригация гидротехник иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланиш факультетларида таҳсил олиш учун абитуриентлардан 8046 ариза тушган. Бу йил ўқиш истагида бўлган ёшлар янада ортиши кутилмоқда. 

...Тошкент ахборот технологиялари университети ҳам ҳужжат топширишга аҳд қилган, ўз билимига ишончи мустаҳкам ёшлар билан гавжум. 

Мазкур олий ўқув юртида телекоммуникация технологиялари, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва бошқа йўналишлар бўйича халқаро стандартлар даражасидаги юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. 

– Таълим муассасамизда қабул комиссиясининг фаолияти, абитуриентлардан қабул қилинган ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур кундалик маълумотларни жойлаштириш учун махсус эълон тахталари ташкил этилган ва улар ҳар куни янгилаб борилмоқда, – дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Зафар Ҳакимов. – Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга тезкор жавоб бериш мақсадида комиссиянинг «ишонч телефонлари» ишлаб турибди. 

Шу ернинг ўзида абитуриентларга ҳужжат топшириш жараёнида зарур бўладиган ўқув қуроллари савдоси, суратга олиш, овқатланиш, кутувчиларнинг дам олиши учун махсус жойлар ташкил қилингани университетда бу борада катта тажриба тўпланганидан далолат беради. 

– Компьютер инжиниринг факультетига ҳужжат топширдим, – дейди зангиоталик Зулфия Маликова. – Мактаб ва коллежда олган билимларим қўл келишига ишонаман. Талабалик бахтига, албатта, тинимсиз ўқиб-изланган, ўз билимига ишонганлар мушарраф бўлади. Мамлакатимизда ўқишга кириш синовларини ўтказиш бўйича самарали тизим жорий этилганидан хурсандман. Зеро, замонавий илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига асосланган ҳолда амалга ошириладиган тест синовлари ҳар бир абитуриентнинг билим даражасини аниқ ва холисона баҳолаш имконини беради. 

Хуллас, олтин давр остонасида турган ёшлар учун қизғин ва айни пайтда масъулиятли палла бошланди. Абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш жараёни жорий йилнинг 20 июлига қадар давом этади. 

 

Uza.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.