"Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари юқори суръатлар билан ишлаб чиқарилаётганидан кўнглимиз тўқ бўлиши учун бугун бизнинг барча асосларимиз бор.Ўтган 10 йил давомида юртимизда мева ва сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш бўйича эришилган ўсиш суръатлари айнан шундан далолат беради. Мисол учун, 2004-2013 йилларда сабзавот етиштириш доллар ҳисобида 7,7 баробар, мева етиштириш 5,1 карра, полиз маҳсулотлари 7,8 марта, узум 8,7 баробар ўсди", дея таъкидлаган эди Президентимиз "Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари" мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 40 мингдан зиёд фермер хўжалиги ташкил этилди. 2008 йил 20 октябрдаги "Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эса соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлади.
Ҳақиқатан, ислоҳотлар самарасини бугун вилоятимиз миқёсида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Сўнгги йилларда бозорларимизнинг сархил меваю қуёшли ўлкамизнинг саховатли нурларидан тўйинган полиз, сабзавотлар, тилими тилни ёрадиган қовун, тарвузлар билан тўкин бўлаётгани ҳам соҳибкорларимизнинг фидойи меҳнатлари натижасидир.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 декабрдаги "2015 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз ва узум ишлаб чиқариш ҳамда улардан фойдаланиш прогноз параметрлари тўғрисида"ги 334-сонли қарорига асосан барча тоифа хўжаликларда жами 540 минг 400 тонна, жумладан, 227 минг тонна сабзавот, 66 минг 600 тонна полиз, 66 минг 500 тонна картошка, 105 минг 300 тонна мева, 75 минг тонна узум маҳсулотлари етиштириш белгиланган. Ҳозирда мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларидан ҳосил йиғилиб, бозорларга чиқарилмоқда. Ўтган йил куз ва эрта баҳорда барча тоифадаги хўжаликларда асосий ва оралиқ майдонларда 6974 гектарга сабзавот, 2922 гектаркартошка ва 1226 гектармайдонга полиз экинларининг экилиши тўлиқ таъминланди.
Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг дала четлари, уватлар ва бўш майдонларга жами 345 гектар сабзавот, полиз, картошка ва бошқа экинлари экилди.
Мавжуд ва ёш боғ қатор ораларидан самарали фойдаланиб, қўшимча даромад олиш мақсадида 425 гектарда сабзавот, полиз, картошка ва бошқа турдаги экинлар экилди. Бундан 5500 тонна маҳсулот олиниб, 2,6 миллиард сўмдан ортиқ даромадга эга бўлиш кўзда тутилган, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассиси Суннат Тешаев.
Янги боғ-токзорлар барпо этиш, мавжудларини қайта тиклаш борасида ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Вилоят бўйича 64 гектаринтенсив мевали боғлар ва 135 гектар янги токзорлар барпо этилган.
Шунингдек, ҳудудларда кам ҳосилли, иқтисодий самара бермаётган 36 гектар яроқсиз боғ ва 135 минг гектар яроқсиз токзор қайта тикланди.
Кейинги йилларда аҳоли ер участкаларидан самарали фойдаланиш, томорқа маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Томорқа маданиятини ошириш, экин ерларидан бир йилда уч-тўрт мартагача ҳосил олиш тажрибаси ҳар бир хонадонда оммалашиб бораётгани сир эмас. Томорқа маданияти самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ижроси қатъий назоратга олинган.
Аҳоли эҳтиёжини ва 2015 йил куз ва 2016 йил баҳор мавсумлари учун захирага маҳсулотлар йиғишни инобатга олиб, ер майдонлари сув йўналишига қараб, экинлар жойлаштирилди. Бунинг учун эртанги сабзавот, полиз маҳсулотлари йиғиштириб олинган ва ғалладан бўшаган майдонлардан унумли фойдаланиш талаб этилади. Қарийб 10400 гектардан ортиқ майдонга экилган такрорий экинлардан 110 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, жорий йилнинг кузи ва келгуси йилнинг қиш ва баҳор ойларида вилоятнинг барча бозорларида нарх-навонинг арзонлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Dustlikbayrogi.uz сайтидан олинган
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.