Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмай­ди. Маълумотларга қараганда, 1998 йилда дунё бўйича бу тармоққа 100 миллион одам уланган бўлса, 2008 йилда фойдаланувчилар сони 580 миллиондан ортди. Ҳозирги кунга келиб эса 2 миллиарддан ошиб кетди.

Ўзбекистон Республика­си хал­қаро глобал интер­нет тармоғига 1996 йилда улан­ган. 2008 йилда интер­нет­дан фойдаланувчи юрт­дош­ларимиз сони 1 мил­лион 904 минг кишидан ортиқни ташкил этар экан. 2013 йилга келиб, улар сони 10 миллиондан ортиб кетди. Ҳар ойда глобал тар­моқдан фойдаланувчилар сони 7-10 фоизга кўпай­моқда.

Виртуал макондан ёғила­ёт­ган ахборот оқими шун­ча­лик кўпки, уларнинг қай­си бири тўғри ёки нотўғ­ри эканини ажратиб олиш амримаҳол. Бу эса одоб-ахлоқ маса­ласига дахл қи­либгина қол­май, халқаро ҳуқуқ меъёрлари­нинг бузи­лишига ҳам сабаб бўлмоқ­да. Масалан, глобал тар­моқ­нинг ҳар юзинчи саҳи­фаси порнографик (шарм­сиз­лик, ҳаё­сизлик) ҳамда садизм (зўравон­лик) тарғи­боти мазмунга эга. Бу ҳол ёш авлоднинг тарбиясига катта зарар етказишию унинг асорати ҳақида ўйла­ган одам­нинг юраги орқага тортиб кети­ши табиий. Бундан ҳам ёмони, динни ниқоб қилган турли буз­ғун­чи кучлар ўзларининг бо­тилғояларини тинмай таш­виқ қи­либ, маълум маънода Ғаразли ниятларига етиш­моқ­да ҳам.Ҳам динга, ҳам одамзодга катта за­рар ет­ка­заётган бу каби кучлар­нинг ҳар бир хатти-ҳарака­тидан огоҳ бўлиш бугуннинг долзарб масалаларидан­дир. Афсуски, айрим халқ­лар ва элатларнинг ўз мустаҳкам мафкурасига эга бўлмаган, ғоявий иммуни­те­ти йўқ қатлами мазкур фитналар­нинг қурбони ва қуроли бўлиб қолаяптилар. Қанча-қанча тинч-осуда давлатларни қирғинбарот майдонига айлантирган "Араб баҳори", Украина­даги давлат тўнтариши, ИШИД террорчи ташкило­тининг вужудга келиши фик­­римизнинг ёрқин дали­ли­дир. Бундай талатўплар, аввало, ахборот майдонида  бошлани­ши­ни ҳар ким ҳам ўйлаб кўра­вермайди.

Интернет аталмиш мўъ­жизавий дунёнинг қулай­ликлари кўп, албатта ва ундан оқилона фой­даланиб, улуғвор мақсадларни амал­га ошириш мумкин. Демак, фарзандларимизга глобал тар­моқдан яхшилик йўлида фойда­ланишни ўр­гатиши­миз, уларнинг маъ­на­вий иммунитетини оши­риши­миз, бу борада ҳами­ша ҳуш­ёр бўлишимиз лозим.

Dustlikbayrogi.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.