"Туркистон” саройида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ва ижтимоий фаол талаба-ёшлар фестивали якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Унда "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг пухта билим олиши, иқтидор ва қобилиятини тўла намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллашига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

"Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган "Талабалар фестивали” ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 2008 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль ёшларнинг талабалик даврини мазмунан янада бойитиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Илмий-ижодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий, спорт-соғломлаштириш характерига эга бўлган мазкур форумда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан беш юз нафардан ортиқ талаба-ёш иштирок этди. 

Фестиваль доирасида йигит-қизлар турли соҳадаги билимларини бойитиш, ватанпарварлик туйғуси ва маънавиятини юксалтириш, жамоат ишларидаги фаоллигини рағбатлантириш, ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳити, дўстлик алоқаларини шакллантиришга хизмат қиладиган қатор лойиҳаларда иштирок этди. 

– Ушбу фестиваль барча ёшлар қатори менга ҳам унутилмас дамларни туҳфа этди, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Моҳичеҳра Ашурова. – "Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялаш масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда умумтаълим мактабларида инглиз тилини ўқитишда замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга доир ташаббусларни илгари сурдим. Тадбирларда янги дўстлар орттирдим. Бугун тенгдошларим орасида мустақил ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган, ўз кучи, билими ва салоҳиятига ишонган, буюк келажакни барпо этишга қодир, дунёқараши кенг, фикри теран йигит-қизлар кўп эканидан фахр-ифтихор туйдим. Бу мамлакатимизда баркамол авлодга таянадиган эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор яратилганидан дарак беради. 

– Техника тараққий этган даврда яшаяпмиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети талабаси Жаҳонгир Хидиров. – Илм-фан ютуқларидан фойдаланмаслик, илғор технологияларни ҳаётимизга кенг татбиқ этмаслик ижобий натижаларга олиб келмайди. "Мунозара” турнирида жамоамиз билан мана шу масалага эътибор қаратдик. Турнирда ғолибликни қўлга киритдик. Бу бизга янада куч-ғайрат бағишлайди. 

Тадбирда фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Улар орасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Азиза Илёсхонова ҳам бор. У "Uz” доменини ривожлантиришда ёшларнинг ўрни” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида фаол иштирок этгани учун тақдирланди. 

– Бугун интернетда барча маълумотлар мавжуд, ундан қандай фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ, – дейди Азиза. – Шу боис глобал тармоқнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш, ахборот маконида миллий руҳдаги сайтларни кўпайтириш, бу борадаги билим ва кўникмаларимизни бойитиш, интернетдан фойдаланиш маданиятимизни юксалтиришга қаратилган ушбу давра суҳбати бугунги замон талаби асосида ташкил этилган муҳим тадбирлардан бири бўлди. Унда ёшлар порталларини кўпайтириш, уларнинг мобиль иловаларини яратиб, турли оммабоп сайтларга жойлаштириш бўйича билдирган таклифларим мутахассисларда қизиқиш уйғотди. Ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, интернет орқали бўладиган ахборот хуружлари ҳақида тушунчамизни янада бойитганимиз тадбирнинг аҳамиятини янада оширади. 

Фестиваль якунида таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури ёшларга катта завқ бағишлади. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.