Жорий йилнинг 16 июнь куни Нурота туманидаги "Шодлик” болалар дам олиш оромгоҳининг I-мавсуми ёпилиши муносабати билан туман маданият ва спорт ишлари бўлими, туман ИИБ ВЕЎН ва ҲПГ, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши билан ҳамкорликда тадбир ташкил этилди.

Тадбирда туман ИИБ ВЕЎН ва ҲПГ инспекторлари А.Ғаффоров ва У.Сафаров, туман "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси ўринбосари Ў.Каримов, "Шодлик” болалар дам олиш оромгоҳи раҳбари Ю.Ражабова, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари ҳамда оромгоҳ дам олувчилари иштирок этишди.

Дастлаб оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар ва туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари томонидан тайёрланган бадиий чиқиш йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўқувчиларнинг оромгоҳда дам олишлари мобайнида бўш вақтлари мазмунли ўтганлиги, улар учун турли тўгараклар, учрашувлар ва тарғибот тадбирлари, спорт мусобақалари ташкил этилганлиги, бу каби ишлар ёшларимизнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шундан сўнг ўқувчилар учун "Камалак” бекатлари” ўйини ташкил этилди.

"Бургутлар”, "Лочинлар” ҳамда "Машъал” гуруҳларига бўлинган болажонлар бекат назоратчилари томонидан берилган топшириқларни бажаришди, саволларга жавоб беришди.

Ушбу ўйинларда ҳамда оромгоҳда дам олиш мобайнида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар "Камолот” ЁИҲ туман Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Тадбир сўнгида ўқувчиларга бепул музқаймоқлар тарқатилди.   

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.