Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда "Кексаларни эъзозлаш йили" муносабати билан вилоятимизда "Бахшилар юртни куйлайди" фестивали ўтказилди.
Миллий қадриятларимиз, қадим адабиётимиз ва халқ амалий санъатининг ноёб йўналишларини асраб-авайлаш, янада ривожлантиришга йўналтирилган бундай анжуман халқимиз қалбидан тобора чуқурроқ ўрин эгалламоқда.
Вилоят ҳокимлиги, Хатирчи туман ҳокимлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль Хатирчи туманидаги "Олтинсой" ширкат хўжалигининг бепоён қир-адирларида ўтказилди. Ям-яшил либос кийган, кенгликлар бағрига олган қизғалдоқлар ҳам бахшиларимиз томонидан маҳорат билан ижро этилган достончилигимиз намуналарига, лапару куй-қўшиқларга жўровоз бўлди.
Фестивалнинг Пўлкан шоир хотирасига барпо этилган майдонда ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Қўлда дўмбира билан олис-олисларга боқиб турган бахши-шоир ҳайкали қад ростлаган бу майдон аллақачон буюк инсонни зиёрат қилиш масканига айланиб, янада кўркам ва обод қиёфа касб этган.
Манзарали дарахтлар, фавворалар, тепаликка олиб чиқувчи зиналар бу ерга янада салобат бахш этиб турибди. Машҳур бахши шоир, ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан бири Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шу заминда туғилиб, ижод қилган. 70 дан ортиқ турли мавзудаги достонни ёд билган бахши бутун умр эзгуликни, инсонийликни, меҳр-оқибат ва ҳалолликни куйлаб ўтди.
Халқимиз қалбига юртга садоқат, Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдириш, вилоятимизнинг чекка ҳудудларида яшаб келаётган ижодкорлар фаоллигини оширишга қаратилган анжуманда Ўзбекистон халқ бахшилари Абдуназар Поёнов, Очил Чоршанбиев, Маҳмудмурод Ражабов, шунингдек, уларнинг издошлари Зулхумор Шерназарова, Мамарасул Эшимов, Исмоилхон Анваровлар ўзларининг энг сара ижодий намуналари билан иштирок этдилар.
— Оқтов этакларига туташиб кетган, буюк устознинг термаларини тинглаб, сукутга чўмган пурвиқор тоғлар, борлиққа ҳаёт бахш этиб келган гиёҳлару ўт-ўланлар ҳалигача устоз достонларини куйлайди. Шундай сўлим бир фаслда ташкил этилган анжуман хабарини эшитиб, Сурхондарёдан етиб келдик. Ташкилий ишларни кўриб, тайёргарлик уюшқоқлик билан олиб борилганининг гувоҳи бўлдик. Вилоят ҳокимлигининг, ҳамкор ташкилотларнинг миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, айниқса, халқ ижоди, амалий санъатига бўлган ҳурмати ва эътибори бугунги фестивалда яққол акс этди. Бундай хайрли ва эзгу тадбирлар халқимизнинг тинч ҳаётини, юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан бирга, миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз бугун достон ва ўлан, лапарларни воҳа йўналишида маза қилиб ижро этдик, — дейди сурхондарёлик бахши Абдуназар Поёнов.
Фестивалда иштирок этган халқ оғзаки ижоди фидойилари ва ижодкорлар "Энг гўзал достон (бахши, оқин, жировлар) ижрочиси, "Энг гўзал ўлан-лапар ижрочиси, "Энг гўзал ҳажвий шеър", "Энг гўзал сурат", "Энг яхши ўйин кўрсатган жамоа", "Энг яхши ўйин кўрсатган аёллар жамоаси", "Халқ ўйинларини тиклашдаги хизматлари учун" йўналишларида ўзаро куч синашдилар. Ўзларининг ижодий салоҳиятларини намойиш этган танлов ғолиблари махсус дипломлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Манба: www.dustlikbayrogi.uz
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.