Инсон ва табиат ўртасида мувозанатни сақлаш, ер ости ва ер усти ресурсларидан оқилона фойдаланишни кенг тарғиб этиш мақсадида 22 май – сайёрамизда биологик хилма-хилликни асраш куни сифатида нишонланади. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида табиатни асраш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавийлаштириш, экологик мувозанатни сақлашга қаратилаётган доимий эътибор барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим омил бўлаётир. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майда қабул қилинган "2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди. 

Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан ажралиб туради. Юртимизда тўрт минг саккиз юздан ортиқ ўсимлик, қарийб ўн олти мингга яқин ҳайвонот тури учрайди. Уларнинг муайян қисми камёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамизда мавжуд. Ушбу ноёб табиий бойликларни асраш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир. 

Бугунги кунда мамлакатимизда ўттизга яқин қўриқхона, миллий табиат боғлари, ноёб ёввойи ҳайвонларни асраш ва кўпайтиришга ихтисослашган марказлар, табиат ёдгорликлари ташкил этилган. Ўрмонлар ва яшил ҳудудлар ҳам биологик хилма-хилликни асрашга хизмат қилаётир. 

Ушбу табиий захираларни асл ҳолича сақлаш ва кўпайтириш мақсадида ҳар йили минглаб гектар майдонда янги ўрмонлар барпо этилмоқда. Ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини кўпайтиришга мослаштирилган, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва қўриқхоналар майдони кенгайтирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган Қуйи Амударё биосфера резервати шундай муҳим лойиҳалардан биридир. Бундай чора-тадбирлар натижасида йўқолиш хавфи остидаги ноёб ҳайвон ва ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва кўпайтиришга эришилмоқда. 

Ўзбекистон БМТнинг халқаро биохилма-хилликни асраш, ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини ҳимоя қилиш, сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойи бўлган сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турлари билан халқаро савдо қилиш юзасидан қабул қилинган конвенцияларга қўшилган ва улар асосида зиммага олинган халқаро мажбуриятларни ўз вақтида бажариш мақсадида миллий стратегия ва ҳаракат режалари амалга оширилмоқда. 

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу йўналишдаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари, илм-фан муассасалари билан ҳамкорликда изчил иш олиб бораётир. Ушбу йўналишда қабул қилинган қонунлар ва қарорлар ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида меъёрий ҳужжатлар, услубий қўлланмалар яратилиб, тегишли идора ва ташкилотлар, тадбиркорларга етказилди. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни паспортлаштириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси иншоотларининг кадастрини юритиш ишлари амалга оширилмоқда. 

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг жойлардаги тузилмаларида фаолият юритаётган экология инспекторлари қонунчилигимиз ижроси юзасидан мунтазам кузатув ва мониторинг олиб бормоқда. Бу жараёнда ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам аниқланмоқда. Хусусан, баъзи бир фуқаролар ва юридик шахслар томонидан дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари кузатилаётир. Албатта, қонун бузувчилардан экологияга етказилган зарар ундирилмоқда. 

Бундай муаммоларнинг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, ёшларда табиатга эҳтиром туйғусини кучайтириш, биологик хилма-хилликни асрашга йўналтирилган лойиҳаларда жамоатчиликнинг фаоллигини янада ошириш долзарб вазифадир. 

Биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиий сув ҳавзаларида барқарор экологик вазиятни таъминлаш бўйича тадбирлар дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар янада кенгаймоқда. Ушбу дастур доирасида экологияга оид ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, табиий сув ҳавзаларида балиқчиликни ривожлантириш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биологик хилма-хилликни асраш бўйича 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган миллий стратегия ва ҳаракат дастурини қабул қилиш, мамлакатимиздаги сувли-ботқоқли ҳудудларни халқаро Рамсар конвенция рўйхатига киритиш, экологик таълимни ривожлантириш юзасидан кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

 

Манба: Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.