Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантириш, ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамда "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган "Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танлови ҳам изланувчан, фаол ёш истеъдодларни аниқлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. 

"Юрт келажаги" танловининг Хоразм вилояти босқичида иштирокчилар "Архитектура ва дизайн”, "Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, "Тасвирий ва амалий санъат”, "Адабиёт ва журналистика” йўналишлари бўйича ўз билим ва кўникмасини синовдан ўтказди. 

– Ўтган йили "Архитектура ва дизайн” йўналишида қатнашган эдим, – дейди Янгибозор туманидаги 19-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Жавоҳир Қорахонов. – Гарчи ғолиблар қаторидан жой олмаган бўлсам-да, кўплаб тенгдошларим ишланмалари билан танишиб, уларнинг ижодини кузатиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлгандим. Ўтган йилги хулоса ва ўрганганларим асосида бу йил яна ҳам пухта ишланган "Оталар чойхонаси” номли лойиҳам билан қатнашдим ва танловда ғолиб бўлдим. 

Барча йўналиш ва номинациялар бўйича энг иқтидорли йигит-қизлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. 

 

Манба:Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.