Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Ўзбекмузейжамғармаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида "Музейхалқ тарихининг кўзгусиреспублика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини бажарувчи Б.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий маданиятимиз ва санъатимизни равнақ топтириш, маънавият масканлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улардаги нодир ашёлар, осори-атиқаларни сақлаш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлар юксак маънавиятли авлодни камолга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

– Бугун юртимизда тарихий, илмий-маданий меросимиз, маънавий қадриятларимизни ўзида асраб келаётган мингдан зиёд музей фаолият кўрсатмоқда, – дейди Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг маънавий-маърифий муассасалар, музейлар, ахборот-ресурс марказлари бошқармаси бошлиғи Аббос Мирзараҳимов. – Уларда сақланаётган рассомлик, нумизматика, графика, ҳайкалтарошлик, амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, маиший ва этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар ва бошқа ашёлар юртимиз ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган миллионлаб томошабинларга Ватанимизнинг ривожланиш йўли, халқимизининг буюк ўтмиши ҳақида ҳикоя қилади. 

Дарҳақиқат, миллий ўзликни англаш, бой ва бетакрор меросимизни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш, буюк аждодларимизнинг юксак салоҳиятини кенг тарғиб қилишда музейлар фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. 

18 май – Халқаро музейлар кунига бағишлаб ташкил этилган "Музей – халқ тарихининг кўзгуси” республика кўрик-танлови музейшунослик соҳасида ютуқларга эришаётган соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда айни муддао бўлди. 

Тадбирда кўрик-танловнинг турли номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди. 

– Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётгани аҳолига тезкор хизмат кўрсатишни тақозо этмоқда, – дейди "Йилнинг энг яхши музей веб-сайти” номинацияси ғолиби, Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси бош директори Абдурашид Зикриллаев. – Шу мақсадда ўтган йили uz.bukhara-museum.uz сайтини ташкил этдик. Сайтимизга вилоятимиздаги барча музейлар, уларда сақланаётган тасвирий санъат асарлари, воҳанинг бой ҳунармандлик анъаналарини намоён этувчи заргарлик, зардўзлик, каштачилик, кулолчилик буюмлари суратларини ва улар ҳақида маълумотларни жойладик. Натижада маърифат масканимизга келувчилар янада кўпайди. Уларнинг аксарияти ёшлар экани қувонарлидир. Бу уларнинг маънавий оламини янада бойитиши шубҳасиз. 

Тадбир сўнггида Ўзбек Миллий академик драма театрининг "Кўнгил” спектакли намойиш этилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.