13-14 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, "Ўзбекмузей” республика жамғармаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида "Ўзбекистон музейлари истиқбол-лари” мавзуида илмий - амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон тарихи ва Темурийлар тарихи давлат музейлари, Республикамиздаги барча давлат, жамоат ва хусусий музейлари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Д.Муллажонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, инсоният тамаддуни-нинг бешиги бўлган қадимий масканларни асл ҳолича сақлаш ва обод этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда музейлар фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилаётган улкан эътибор соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Республикамиздаги барча музейлар замонавий ахборот технологиялари билан таъминланмоқда.

Тадбирда музейларни археологик топилма ва экспонатлар билан бойитиш, уларни асл ҳолича сақлаш, бунда малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида фикр алмашилди.

Семинар иштирокчилари 14 май куни вилоятимиз фахри бўлган қадим ва навқирон Нурота шаҳридаги "Чашма” зиёратгоҳи, Нурота табиий-меъморий мажмуа музейида бўлишди. Улар мажмуа таркибидаги масжидлар, уларнинг тарихи билан танишдилар. Шайх абул Ҳасан Нурий қабрларини зиёрат этдилар. Машҳур "Чашма” ҳовузи ёнида унинг тарихи, сувидаги микроэлементлари ва шифобахшлиги ҳақида меҳмонларга тушунча берилди. Нурота табиий-меъморий мажмуа музейида ташкил этилган маҳаллий тумандаги таниқли ҳунармадларнинг ҳамда иқтидорли ёшларнинг тасвирий ва амалий санъат намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. "Нуржаҳон” фольклор этнографик халқ дастаси томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Чашма зиёратига ташриф буюрган маҳаллий ва хорижий сайёҳларга ҳам байрам кайфияти улашилди. Шундан сўнг меҳмонлар Нурота табиий-меъморий мажмуа музейи заллари бўйлаб саёҳат қилишди. Музей ходимлари семинар иштирокчиларига туманимиз тарихи, унинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳақида кенг тушунча беришди.

 

Нурота табиий-меъморий мажмуа музейи

 илмий ходими Эргашев Абдирасул

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.