Навоийда "Касаба – тур” республика веломарафонининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб ташкил этилган мусобақада 140 дан зиёд ҳаваскор велоспортчи иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ташкилот, корхона ва муассасалар ходимлари ўртасида ҳам соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир. 

Навоий шаҳридаги Ёшлар спорт мажмуасидан старт олган марафонни беш нафар нуроний отахон бошлаб берди. 

– Жисмоний машғулотлар билан шуғулланган инсон доим тетик бўлади, – дейди карманалик 82 ёшли меҳнат фахрийси Ёдгор Равшанов. – Ҳозир ҳам велосипедда сайр қиламан. Соғлигим яхши. Марафонга таклиф этишганидан мамнунман. 

Мусобақада 12 нафар велоспортчи марафоннинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Шунингдек, ўнга яқин номинация бўйича ғолиблар тақдирланди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.