Республика Ёш томошабинлар театрида «Актёр ижодида рақс санъати» I кўрик-фестивали бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва "Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда вазирлик тизимидаги ташкилот, ижодий муассаса ва бирлашмалар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканлари вакиллари, ёшлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини бажарувчи Б.Аҳмедов, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси директори В.Умаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маданият ва санъатни равнақ топтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг турли халқаро танловларда юқори ўринларни эгаллаб, миллий санъатимизнинг бетакрор жозибасини дунёга танитишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги, янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Мазкур кўрик-фестивални ўтказишдан асосий мақсад замонавий рақс билан бирга, миллий санъатимизнинг такомиллашган усуллари, шакл ва жозибаси, бу борада эришилаётган ютуқларни намойиш этишдан иборат. Фестивалда маданият ва санъат соҳасининг ёш мутахассислари, театр жамоалари, ушбу йўналишда таҳсил олаётган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва институт талабалари ўз ижодий ишларини намойиш этди. Ёшларнинг билим ва илмий-интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти, ижро маҳорати ҳамда саҳна маданияти уч босқичда баҳолаб борилди. 

Фестиваль ўз услубига эга умидли ёшларнинг ижодий интилишларини тўла намоён этиш, мутахассисларнинг ушбу соҳага оид билимларини мустаҳкамлаш, истеъдод эгаларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига имкон яратди. Айни пайтда ушбу ижодий лойиҳа юртимизда санъат, маданият йўналишида фаолият олиб бораётган муассасаларнинг ўзаро истиқболли ҳамкорлигини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Авазбек Комилов Тошкент маданият коллежининг драма театри актёрлиги йўналишида таҳсил олиш жараёнида устозларидан актёрлик санъати, пластик ифодавийлик, юз ишоралари, эмоционал таассурот каби усулларни пухта ўзлаштирган. 

– Кўплаб кўрик-танловларда иштирок этганман, – дейди А.Комилов. – Ушбу фестивалда жамоамизнинг олдиндан тайёрланган чиқишини, сўнгра белгиланган асарни қисқа вақтда саҳналаштириб ижро этдик. Истеъдодли тенгдошларимнинг маҳоратини кўриб, рақс санъатига қизиқишим янада ортди. Уларнинг ижодий намуналари менда катта таассурот қолдирди. 

Фестиваль ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

Санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР