"Ўзэкспомарказ”да коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бошланди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 13 мартдаги "2015 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилмоқда. 

Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросимида мамлакатимизда таркибий ислоҳотларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва маҳаллийлаштириш, ривожланган инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини янада юксалтириш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 7,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,3 фоиз ўсди. Шунингдек, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 11,2 фоиз, чакана товар айланмаси – 15,2 фоиз ва хизматлар ҳажми – 13,1 фоиз кўпайди. 

Анъанавий ўтказиб келинаётган тармоқ саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари иқтисодиётимизни янада жадал ва барқарор ривожлантириш, унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий ва самарали технологияларни жорий қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси маълумотларига кўра, корхоналарнинг ушбу тадбирларга бўлган қизиқиши тобора ортмоқда. 2014 йилда ўтказилган тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қарийб 340 саноат корхонаси 1,9 минг турдан ортиқ маҳсулотларни тақдим этди. Улардан 90 тури Маҳаллийлаштириш дастури асосида ўзлаштирилган янги маҳсулотлардир. Тадбирларга 4,5 мингга яқин киши, жумладан, хорижий фирма ва компаниялар вакиллари ташриф буюрди. Саноат форуми якунида саноат кооперацияси бўйича маҳсулот етказиб бериш юзасидан қиймати 139,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Экспорт шартномаларининг қиймати эса 64,7 миллион долларни ташкил этди. 

Жорий йилги саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзпахтасаноат”, "Ўзбекчармпойабзали” уюшмалари ва Озиқ-овқат саноати корхоналари, "Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, "Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси, "Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва бошқа ташкилотлар таркибига кирадиган 530 дан ортиқ корхона уч мингдан зиёд турдаги саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли товарлари ва хизматларни намойиш этмоқда.

Чарм-пойабзал саноати корхоналари ўз маҳсулотлари билан алоҳида ажралиб турибди. Соҳанинг етмишдан ортиқ корхонаси 400 дан зиёд турдаги юқори сифатли пойабзал, чарм-атторлик буюмлари ва спорт маҳсулотларини тақдим этган. 

– Мамлакатимиз чарм-пойабзал саноати катта салоҳиятга эга, – дейди "Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бош мутахассиси Шуҳрат Алиев. – Чармга ишлов бериш технологияларининг такомиллаштирилаётгани, шунингдек, бой хомашё базасининг мавжудлиги сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни ички ҳамда ташқи бозорга етказиб беришни кенгайтириш имконини яратмоқда. Ўтган йили саноат форумида 34,5 миллион сўмлик шартнома имзолаган бўлсак, жорий йилда бу кўрсаткични 46,5 миллион сўмга етказишни режалаштирмоқдамиз. 

Бу йилги тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида жадал ривожланаётган транспорт соҳаси ҳам алоҳида ўрин олган. "Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, "Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси ва "Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси таркибидаги корхоналар ўзининг саноат салоҳиятини намойиш этмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси таркибидаги "Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси саноат форумида магистрал ва манёвр тепловозлари, электровозлар, юк вагонлари, махсус вагонларни капитал таъмирлаш бўйича хизматларни таклиф этаётир. Ушбу корхона саноат ярмаркалари ва кооперация биржаларида фаол иштирок этаётгани самарасида Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, "Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик компанияси, Шўртан газ-кимё мажмуаси, "Ўзкабель” қўшма корхонаси ва бошқалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. 

"Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси таркибидаги "Бекободйўлсаноат” ишлаб чиқариш корхонаси, "Чинозйўлиндустрия” саноат корхонаси, "Ўзйўлмашсервис” давлат унитар ишлаб чиқариш корхонаси, "Ўзйўлбутлаш” республика бошқармаси ва бошқа корхоналар 2013-2014 йилларда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган янги турдаги маҳсулотларни намойиш этмоқда. 

"Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси корхоналари ойна ва ойна маҳсулотлари, гипсокартон маҳсулотлари, қуруқ қурилиш қоришмалари, алюмин-пластикли композит панеллар, мармар ва гранит буюмлари, том ёпишда ишлатиладиган материаллар каби кенг турдаги маҳсулотларни тақдим қилмоқда. 

"Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси вакилларининг сўзларига кўра, тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этиш бугунги кунда тармоқ корхоналари учун муҳим аҳамиятга эга. Негаки, соҳада 11 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. "Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида фаоллаштирилган оҳак ва темир-бетон плиталари, "Uz Oyna” масъулияти чекланган жамиятида ойна ишлаб чиқариш, Қорақалпоғистон Республикасида цемент заводи қуриш, шунингдек, Жиззах вилоятида цемент асосида пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир. 

Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси стенди тадбирга келганларда қатта қизиқиш уйғотмоқда. Уюшма ёғ, мой, гўшт, сут, консерва, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 180 дан ортиқ корхонани ўз таркибида бирлаштирган. Соҳада фаолият юритаётган 50 дан зиёд корхона қуюлтирилган сут, сариёғ, пишлоқ, творог, йогурт каби юздан ортиқ турдаги маҳсулотларни намойиш этмоқда. 

– Корхонамиз маргарин ва ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, – дейди "Sarbon Baraka Biznes” масъулияти чекланган жамияти маркетинг бўлими бошлиғи Ойбек Ёқубов. – Жорий йилнинг август ойида янги турдаги маҳсулот – музқаймоқ ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Бугунги кунда янги технологик линия учун асбоб-ускуналар харид қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ушбу масалаларни ҳал қилишга кўмаклашади. 

Таъкидлаш жоизки, саноат форуми доирасида иштирокчи корхоналар ўз маҳсулотларининг тақдимотини ўтказиб, ҳамкорлик учун таклифлар беради ва маҳсулотларни етказиб бериш бўйича, шунингдек, янги турдаги саноат маҳсулотларини ўзлаштиришга доир шартномалар тузади. 

 

Uza.uz сайтидан олинди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.