Навоийда "Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кенгайтиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ва "Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Президентимиз раҳнамолигида кексаларга эъзоз-эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жорий йилнинг мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши ва шу асосда махсус Давлат дастури ишлаб чиқилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

– Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, ҳолидан хабардор бўлиб туриш, кўмаклашиш халқимизнинг азалий қадриятларидан, – дейди "Нуроний” жамғармаси Навоий вилояти бўлими раиси Жалил Норов. – Жорий йилда "Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига асосан ёлғиз кекса ва ногиронларга, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, уларни малакали тиббий хизматга жалб этиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. 

Тадбирда вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш бошқармалари, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларининг Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишдаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.