Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жамиятимизнинг барча соҳалари, жумладан, чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини экологик тоза, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 

Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва тегишли давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани натижасида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, тармоқда сифат ва самарадорлик ошаётир. Соҳа ривожи жойларда янги иш ўринлари яратиш, сифатли ва хавфсиз истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда. 

Навоий вилоятида чорвачиликни ривожлантириш, наслли қорамол зотларини парваришлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Наслчиликни ривожлантириш мақсадида чорвачилик тараққий этган мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 1000 бош қорамол харид қилиш бўйича 1 миллиард 16 миллион сўмлик шартномалар тузилган. Германия, Латвия ва Эстония давлатларидан келтириладиган наслли қорамолларнинг парвариши учун фермер хўжаликларида зарур шароитлар яратилмоқда. 

– 2014 йилда 59 қорамолчилик хўжалиги иш бошлаган бўлса, жорий йилда яна 85 та шундай хўжалик ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси чорвачилик сектори бошлиғи Қанат Туменбаев. – Бу вилоятда чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятини янада кенгайтиради. Ўз навбатида, чорва насллари яхшиланиб, янги хўжаликларда аҳоли учун иш ўринлари яратилади. 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолининг сифатли истеъмол товарларига бўлган талабини тўла қондириш, ички бозорга арзон маҳсулотлар етказиб беришда янгидан ташкил этилаётган қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларининг ўрни катта бўлмоқда. Шу мақсадда жорий йил вилоятда гўшт, сут, тухум, асал ва балиқ маҳсулотлари етиштиришни 30-40 фоизга кўпайтириш, қайта ишлаш, экспортни йўлга қўйиш учун 232 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур лойиҳаларнинг 101 таси амалга оширилиб, ташкил этилган янги хўжаликларда 273 киши иш билан таъминланди. 

Чорвачилик ривожида ветеринария хизматининг сифатли ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади. Бу борада вилоятдаги 81 зооветеринария пунктининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва 29 ветеринария дорихоналари фаолиятини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича эпизоотик барқарорликни таъминлаш деҳқон бозорларида ташкил этилган 16 ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Лабораторияларнинг замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, маҳсулотни кўрикдан ўтказиш жараёнида иммуна фермент таҳлил усулидан кенг фойдаланилаётгани яхши самара бераётир. 

Туманларда барча санитария талабларига жавоб берадиган кушхоналар ташкил этиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Конимех, Қизилтепа, Нурота, Хатирчи туманларидаги кушхоналарда тозаликка қатъий риоя қилиниб, зарур талаблар асосида сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Айни пайтда Кармана ва Навбаҳор туманларида ҳам махсус кушхоналар қуриш режалаштирилмоқда.

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР