"Ўзэкспомарказ” павильонларида "Соғлиқни сақлаш – TIHE 2015”, "Фармацевтика саноати – AptekaExpo Central Asia 2015” ҳамда "Стоматология – Stomatology Uzbekistan 2015”халқаро кўргазмалари очилди. 

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, "Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, "Ўзтибтехника” масъулияти чекланган жамияти, Стоматологлар уюшмаси ва "ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар мамлакатимизда замонавий тиббиёт тизими барпо этилиб, соҳа замонавий тиббий жиҳоз ва технологиялар билан таъминланаётгани аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида аҳолининг барча қатламлари малакали тиббий хизмат билан қамраб олинди. Скрининг марказлари, туғруқ мажмуалари, вилоятлар кўптармоқли шифохоналари, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари халқимизнинг соғлом ҳаёт кечиришини таъминламоқда. 

2014 йилда 133 тиббиёт муассасаси янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Гулистон шаҳридаги вилоят онкология диспансери, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази, Андижон кўптармоқли вилоят тиббиёт маркази, Нукус шаҳридаги силга қарши кураш диспансери шулар жумласидандир. Корея Республикаси билан ҳамкорликда энг юқори технологиялар асосидаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланадиган кўптармоқли замонавий болалар тиббиёт маркази барпо этилмоқда. 

"Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида кекса авлод вакиллари, хусусан, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш, зарур дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ҳафталиги” доирасидаги ушбу кўргазмалар тиббий-илмий янгиликлар ва ишланмалар билан бевосита танишиш, соҳа мутахассисларининг ўзаро ахборот ва тажриба алмашишини таъминлаш орқали соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга катта ҳисса қўшмоқда. 

Бу гал кўргазмаларда Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Беларусь, Финляндия, Бельгия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Нидерландия, Россия, Польша, Чехия, Туркия ва Швейцария каби йигирма мамлакатдан бир юз олтмишга яқин корхона ва ташкилот ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этмоқда. Улар орасида тиббий ускуналар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича жаҳоннинг етакчи компаниялари, жумладан, "Toshiba”, "Philips”, "Samsung Medison”, "GE Healthcare”, "Draeger”, "Carefusion”, "Chison” каби муассасалар бор. 

Кўргазмалардан турли хилдаги замонавий тиббий технологиялар, ультратовуш, рентген аппаратлари, физиотерапевтик ва кардиологик жиҳозлар, стоматология, имплантология ва жарроҳлик асбоб-анжомлари, диагностика ва лаборатория жиҳозлари, дезинфекция, санитария-гигиена ва реабилитация воситалари, тренажёрлар, тиббиёт кийимлари ва ортопедик маҳсулотлар, тиббий мебеллар, дори-дармонлар, дорихоналар учун ускуналар, қадоқлаш воситалари, шифобахш пардоз воситалари кенг ўрин олган. 

– Тиббиёт соҳасини кенг қамраб олган мазкур халқаро кўргазмаларда илк бор иштирок этмоқдамиз, – дейди Хитойнинг "Shenzhen Anke High-Tech” корпорацияси халқаро савдо департаменти директори Чжоу Венью. – Бугунги кунда компаниямиз йигирмадан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Ўзбекистон бозори ғоят истиқболлидир. Бу ерда эркин ва муваффақиятли бизнес юритиш учун барча зарур омиллар мавжуд. Маҳсулотларимиз билан мамлакатингиз бозоридан кенг ўрин олиш, ўзаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ниятидамиз. 

Кўргазмалар доирасида ташкил этилган "Тиббиёт туризми” шўъбасида "Health and Travel” (Ўзбекистон), "University Medical Center Freiburg” (Германия), "Acibadem Hospitals Group” (Туркия) каби қатор тиббиёт муассасалари соғломлаштириш хизматлари билан иштирок этмоқда. 

Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, аҳолини безарар ва самарали дори-дармонлар билан таъминлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида фармацевтика корхоналари сафи тобора кенгайиб бораётир. 

Дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизнинг етакчи муассасаларидан бири – "Nobel Pharmsanoat” компанияси стенди атрофи иштирокчилар билан гавжум. 

– Мамлакатимизда фармацевтика ривожига қаратилаётган улкан эътибор компаниямизнинг муваффақиятли фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди мазкур компания маркетинг департаменти директори Александр Яценко. – Ишлаб чиқаришда юртимиздаги тармоқ корхоналари билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Юқори сифатли маҳсулотларимиз хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Ушбу кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб, янги ишланма ва маҳсулотларимизни намойиш қиламиз. Бу савдо ҳажмини ошириш, ҳамкорларимиз сафини янада кенгайтиришда қўл келаётир. 

Ўзбекистонда тиббиётнинг барча йўналишлари қатори стоматология соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Соҳа клиникалари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Халқаро тажриба асосида ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усуллари амалиётга татбиқ этилаётир. 

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 июлдаги «Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори бу борадаги тиббий таълим сифатини янада ошириш, етук мутахассислар тайёрлашга хизмат қилаётир. 

– Кўргазмада тўртинчи бор қатнашмоқдамиз, – дейди Швейцариянинг "Alfleth Engineering” компанияси вакили Игорь Пасичнук. – Стоматология ускуналарини намойиш этяпмиз. Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси изчил ривожланиб бормоқда. Бу кўргазмаларга қўйилган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортиментининг бойлигида ҳам яққол намоён. Мамлакатингиз билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истагидамиз. 

Халқаро кўргазмалар мамлакатимиз ва жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни намойиш этиши билан аҳамиятлидир. Бу фармацевтика, стоматология ва тиббиёт туризмини янада равнақ топтириш, соҳадаги талаб ва таклифларни ўрганиш, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. 

Кўргазмалар доирасида анестезиология ва ультратовуш ташхиси, стоматологиянинг долзарб масалаларига оид халқаро анжуманлар ўтказилади. 

 

Uza.uz сайтидан олинган

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.