Яқинда иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги кенг нишонланади. Бу ғалаба учун минглаб ўзбек ўғлонлари ҳам жонини фидо қилганлар. Қаҳрамонлик кўрсатиб, беомон жангларда соғ-омон қайтган фахрийлар эл эъзозида яшамоқдалар. Улар муҳтарам Юртбошимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб, ғалабанинг шонли санасини муносиб кутиб олмоқдалар. 

Навоий вилоят ҳокимининг 2015 йил 31 мартдаги Ф-19 сонли фармойишига асосан Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами ва 1941-1945 йиллар иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигини нишонлаш юзасидан қатор тадбирлар тузилиб, амалга оширилмоқда. Жумладан, уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида таълим муассасаларида авлодлар учрашувларини ташкил қилиб, "Ўтмишсиз келажак йўқ","Бурч буюк, хотира муқаддас" мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Уруш ва меҳнат фахрийларини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари  давом этмоқда. Уларга махсус 20 турдаги зарур дори-дармонлар тиббий бўлим шифокорлари томонидан берилиши мўлжалланмоқда.

Шунингдек, тумандаги 14 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, туман идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда муҳим ишларни амалга ошириш тадбирлари тузилиб, кунлик мониторинг ишлари олиб борилмоқда.Уруш йилларида мамлакат ичкарисида ишлаган 292 нафар меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиш ва уларни санаторийларда дам олишлари ташкил этилмоқда.

 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури асосида "Кексаси бор хонадоннинг файзи бор", "Кексаларнинг дуосини олайлик" шиори остида ҳар бир оиладаги нуронийларни иззат-икромини жойига қўйишимиз зарур. Маҳаллалардаги 50 йил ва ундан ортиқ биргаликда аҳил-иноқ, тотувликда яшаб келаётган оилалар билан  "Узоқ  умр" тадбирлари ташкил қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, эзгу ишларимизнинг  ҳаётбахш ёғдуси билан кексалар қалбини нурафшон этмоқ барчамизнинг бурчимиздир.

 

Қ.НАҲАЛОВ, 

туман "Нуроний " жамғармаси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.