Ҳар гал "Темур тузуклари"ни қунт  билан ўқир эканмиз, унда Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат ва сиёсий ишларда ўз аъёнлари ва пирлари билан маслаҳатлашиб иш юритишни ўзининг илк фа-олиятиданоқ бошлаб юборганлигини кўриш мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов бу ҳақда: "Темур тузуклари"ни ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканлигига кўп бор ишонч ҳосил қилганман", деб таъкидлаган эдилар. Хусусан, Соҳибқирон даврида адолат мезонларига ҳам алоµида эътибор қаратилган.

"Ҳар мамлакатдан адолат эшигини очдим, зулми ситам йўлини тўсдим,- деб ёзади Амир Темур,- ўз эрки билан менга бўйсунган вилоят ҳокимларига ўша юрт ҳукуматини қайтариб бердим ва уларни инъому эҳсон билан қадрлаб, ўзимга мутеъ қилиб олдим, бўйсунмаганларни эса қилмишларига яраша жазоладим. Одил, оқил ва уддабурон  кишиларни уларга ҳоким тайинладим".

Адолат тарафдори бўлган   халқпарвар Соҳибқирон мамлакатда жабр-зулм ва фисқу фасод бўлмаслиги, осойишталик ва фаровон турмуш ўрнатилишини истар эди. Шу боисдан барча ҳокимларга қабиҳ ҳатти-ҳаракат, золимлик ва зўравонлик, раиятдан мол-хирож  йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш зарурлигини амр этган. Соҳибқирон "Кимки бирон саҳрони обод қилса, ё бирон боғ кўкартирса, ёҳуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили солиқ қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғилсин", деб ҳукм чиқарган. Амалдорлар оддий фуқарога жабр-зулм қилса, бечораларга зарар етказган бўлса, етказилган зарарни амалдорлардан ундириб, жабр кўрганларга беришлари шарт ҳисобланган. Хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қазиш, бузилган кўприкларни тузатиш,  работлар қуриш ва йўлларни тузатиш, сақлаш ишларини бажарувчи соқчилар қўйишни буюрган. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликлари учун уларни муҳофазалаш вазифаси ҳам ўша соқчилар зиммасига юкланган. Бундай сиёсат Буюк ипак йўлини мўғул истилосидан кейин қайта тиклашга имкон яратди. Амир Темурнинг фармони билан ҳар бир шаҳар ва қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилинган. Фақиру мискинларга лангархоналар, яъни йўловчилар қўниб ўтадиган жойлар, камбағал, етим-есирларга овқат бериладиган ғарибхоналар бунёд қилинган. Беморлар даволаниши учун шифохоналар қурилган, уларга хизмат қилиш учун эса алоҳида табиблар тайинланган. Бу тарихий тажриба ҳозирги замон учун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Президентимиз И.Каримовнинг: "Бу сиймо мард, танти, ҳалол ва ғайратли халқимизни бирлаштиришда, жипслаштиришда, иймон эътиқодли бўлишда, қудратли келажагимизни қуришда бизга янги-янги куч-қувват ва шижоат бағишлайди", деган сўзлари ниҳоятда ўринлидир.

               

Анвар ХЎЖАМОВ,

55-мактаб ўқитувчиси.         

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР