Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

"Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ ҳамда 100 ёшга тўлган ва ундан ошган шахсларга муносиб эътибор қаратиш, шунингдек, пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида: 

1. 2015 йилнинг 1 майидан 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш белгилансин. 

Белгилаб қўйилсинки, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда тўланадиган устама Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

2. 2015 йилнинг 1 майидан уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича энг кам иш ҳақининг табақалаштирилган миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари бериладиган шахслар имтиёзли тоифаларининг янги рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. 2015 йил давомида 75 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролардан тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ҳисобланиши, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзларнинг қўлланилиши тўғрилигини текшириш натижаларига кўра аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақалар миқдори ҳисобдан чиқарилсин. 

4. 2015 йилнинг 1 майидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 2- ва 3-иловаларга мувофиқ тузатишлар киритилсин ва ўз кучини йўқотган, деб топилсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда: 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин; 

идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу фармонга мувофиқлаштирсин. 

6. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 
Тошкент шаҳри, 2015 йил 14 апрель
 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.