Марказий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган онлайн мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан кузатувчилар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловоли ташвиқоти мониторинги масалалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасидаги вазифалар кўриб чиқилди.

 

Қайд этилганидек, сайлов қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишда тенг шароит таъминланмоқда. Жорий йилнинг 14 февралидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг турли масалалари бўйича ўз қарашлари акс этган сайловолди дастурлари қоидаларини сайловчиларга ва кенг жамоатчиликка етказишга йўналтирилган сайловолди ташвиқотини ўтказишмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари барча сайлов округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда, оммавий ахборот воситаларида Марказий сайлов комиссияси томонидан қуръа ташлаш йўли билан белгиланган тартибда чиқиш қилмоқда: Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларидаги сайловолди ташвиқоти материалларининг тури, шакли, услуби ва мазмунини мустақил белгилайдилар.

 

Ҳар бир номзод ва сиёсий партия томонидан марказий "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" теле- ва радиотелеканалларида ажратилган 900 дақиқадан, ҳудудий теле- ва радиоканалларда ажратилган 180 дақиқадан эфир вақтидан самарали фойдаланмоқда. Шунингдек, "Халқ сўзи", "Народное слово" ва "Правда востока" газеталари ва ҳудудий газеталар саҳифаларида ҳам ташвиқот материаллари чоп этилмоқда. Уларда тегишинча ҳар бир номзодга 10 ва 5 саҳифадан нашр майдони ажратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар партияларнинг босма нашрлари саҳифаларида ҳам ўз сайловолди кампаниясини олиб бормоқда, Интернет нашрлар имкониятларидан фойдаланмоқда.

Сайловолди ташвиқотида ташқи (кўча) реклама деб номланган воситалардан ҳам самарали фойдаланмоқда. Хусусан, бутун Ўзбекистон бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг 829 тадан баннерлари жойлаштирилган. Бундан ташқари, номзодларнинг электрон роликлари республикадаги электрон мониторларда ҳар куни тизимли равишда намойиш этилмоқда. Таъкидланганидек, сайловолди ташвиқотининг ўтган даврида сайлов қонунчилиги бузилиши ҳоллари қайд этилмади.

 

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси аъзолари сайлов куни — 29 март куни овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларини кўриб чиқишди. Бунда миллий сайлов қонунчилиги талабларига, очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига риоя этиш зарурлиги қайд этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида барча бўғиндаги сайлов комиссиялари томонидан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган катта иш олиб борилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун сайлов участкалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Улар овоз беришни ўтказиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳақида ахборот мавжуд. Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш бўйича ишлар олиб борилди. Ўзбекистон давлат ва нодавлат телеканалларида сайлов санаси ҳақида информацион теле- ва радио роликлар, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов куни овоз бериш тартиби, сайлов бюллетени, шунингдек, участка сайлов комиссияларининг сайлов кунги иши ҳақида кўрсатувлар ҳамда видеороликлар намойиш этилмоқда.

 

Ҳозирги кунда сайлов куни ўз яшаш манзилида бўлиш имконияти бўлмаган сайловчилар учун муддатидан овоз бериш жараёни давом этмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ёритишда Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган 430 нафар, жойларда округ сайлов комиссиялари томонидан аккредитациядан ўтказилган 550 нафарга яқин мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда. Уларни барча зарур ахборот материаллари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам худди шундай матбуот марказлари фаолият юритмоқда. Уларда матбуот анжуманлари, брифинглар ва семинарлар ўтказилмоқда.

 

Сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини ошириш мақсадида республикада интернетга уланган ягона компьютер тармоғи яратилган бўлиб, у овоз бериш жараёнини онлайн режимида кузатиш ва мамлакатимиз ҳудудлари билан видеоадлоқа ўрнатишга ёрдам беради. Марказий сайлов комиссияси сайлов куни жамоатчиликни овоз беришнинг бориши ҳақида 29 март куни соат 13.00, 17.00 ва 22.00да Республика матбуот марказида бўлиб ўтадиган брифинглар орқали хабардор қилади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида округ сайлов комиссиялари аъзолари сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча амалий масалалар бўйича батафсил ахборот олишди.

 

elections.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.