Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" давлат ва жамият қурилиши соҳасини, ҳуқуқий тизим, жумладан, сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Шу асосда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар сайлов жараёнини либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш имконини яратди. Мамлакатимизда шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилаётир. Қуйида сиз шу борада вилоятимизда олиб борилаётган ишлар тафсилоти билан танишасиз.

Ўткир МАВЛЯНОВ, 5-Навоий ок­руг сайлов комиссияси раиси:

— Сайлов тўғрисидаги қонун­чи­лик­ни сайловчиларга кенг тушунтириш, улар­нинг бўлажак сайловга мамла­катимиз ҳаётидаги муҳим ижтимо­ий-сиёсий воқеа сифатида тайёргар­лик кўриши учун зарур чора-тадбир­лар амалга оширилмоқда. Айни пайтда округ сайлов комиссиясининг иш режаси тасдиқланган. Сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчи­лиги ташкил этилган. Сайловни ёри­тиш бўйича матбуот маркази зарур адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминланган.

Шунингдек, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари тўлиқ амалга ошиши учун барча имкониятлар яра­тилмоқда. Уларнинг ҳуқуқий мада­ния­тини ошириш алоҳида эътибор­да. Чунончи, Ўзбекистон Республика­си­нинг 18 ёшга тўлган фуқаролари сай­ловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ижти­моий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволи, ирқий ёки миллий ман­сублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб, Ўзбекис­тон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш та­қиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Прези­ден­ти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари ваколатлари доирасига сайлов участкаларини тузиш, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилиш, участка сайлов комис­сияла­рининг фаолиятини мувофиқ­лашти­риб бориш киради. Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда 333 та сайлов участкаси тузилди. Комис­сия­миз ўз фаолиятини беш муҳим тамойил — мустақиллик, қонунийлик, адолатли­лик, ошкоралик ва колле­гиа­ллик устуворлигини таъминлаган ҳолда олиб бораяпти. Айни чоғда фао­лият самарадорлигини таъмин­лаш мақ­са­дида округ сайлов комис­сияси аъзо­ларини шаҳар ва туман­ларга бирик­тирдик. Улар шу ҳудуд­лар­даги сайлов участкаларида бў­либ, у ердаги ша­роитни ўрганиб, сайлов комиссия аъзоларига тавсия­лар бераяптилар. Биз участкаларга Мар­казий сайлов комиссияси томо­нидан аҳолини сай­лов санаси билан ха­бар­дор қилувчи плакатларни етка­зиб бердик. Тез кун­ларда сайлов участкалари аъзолари учун ўқув семинарларини ўтказамиз.

Участка сайлов комиссиялари тар­кибини шакллантиришда муносиб ном­зодларни танлашга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, улар­нинг ёши, маълумоти, касби, фао­лия­ти тури, бундай сиёсий кампа­нияларда орттирган тажрибаси ино­батга олинди.

Ҳусниддин АҲМЕДОВ, 5-Навоий округ сайлов комиссияси котиби:

— Жорий йилнинг 30-31 январь кун­лари Тошкент шаҳрида Марказий сайлов комиссияси томонидан икки кунлик семинар-тренинг ташкил этил­ди. Унда Ўзбекистон Республи­ка­си Президенти сайловини ўтка­зувчи ок­руг сайлов комиссиялари раисла­ри, котиблари ва вилоят мат­буот мар­казлари раҳбарлари ишти­рок этди­лар. Семинар-тренингда округ сайлов комиссиялари аъзо­ларининг мамла­ка­тимизда сайлов қонунчили­гига ки­ри­­тил­ган ўзгар­тишлар ва қў­шим­ча­лар­нинг мазмун-моҳияти, фу­қа­роларнинг сайлов ҳуқуқлари кафо­латлари, округ сай­лов комиссиялари фаолиятини бу­гунги кун талаб дара­жасида ташкил этиш ҳамда мазкур сиёсий тадбирга жойларда тайёр­гар­лик кўриш ва уни ўтказиш, сай­ловнинг очиқлиги ва ош­коралигини таъминлаш бўйича тав­сиялар берилди.

Мамлакатимизда ўтган давр мо­бай­­нида амалга оширилган барча соҳа­даги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, демократик талабларга ва умум­эъти­роф этилган халқаро стан­дарт­ларга жавоб берадиган, фуқаро­ларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ка­фолатларини таъмин­лайдиган мил­лий сайлов тизими яратилди. Юртимизда сайлов­лар­ни қонун талабларига мос ра­вишда очиқлик, ошкоралик ҳамда демокра­тик тамо­йиллар асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъмин­лаш учун барча шарт-шароит­лар мав­жуд. Худди шу маънода, ушбу сай­лов жараёнида келадиган кузатувчи ва меҳмонларга амалга оши­рилаёт­ган ютуқларимизни кўрсата олиши­миз зарур. Бунда фуқарола­римиз­нинг турмуш тарзи бизнинг ютуқла­ри­миз­ни кўрсатиб берувчи кўзгу ҳисобланади.

Айтиш жоизки, барча сайлов участ­калари янги қурилган биноларда жойлашган. Бундан асосий мақсад, овоз бериш учун келадиган фуқаро­ларга қулайлик яратиш ва уларни мустақиллик йилларида амалга оши­рилган бунёдкорлик ишлари билан таништиришдир.

Раъно ШЕРБЎТАЕВА, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви бош мутахассиси:

— Жорий йилнинг 29 мартида Пре­зидент сайлови ўтказилиши фуқа­ро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ган­лари зиммасига катта масъулият юклайди. Биринчи галда бугун хал­қи­мизнинг руҳиятига, улардаги дахл­дорлик ҳиссини оширишга, ҳу­дуд­лар ободончилигига катта эъти­бор қаратишимиз керак.

"Маҳалла" хайрия жамоат фон­ди­нинг вилоят бўлим бошқаруви томо­нидан вилоят ҳокимлиги билан ҳам­корликда жойларда ижтимоий-маъ­навий муҳит барқарорлигини таъ­минлаш, Президент сайловига тай­ёргарлик кўриш ва уни қонун та­лаб­лари асосида ўтказиш мақсади­да учрашув ва очиқ мулоқотлар, тар­ғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилаяпти.

Мазкур тадбирларни ташкил этиш­­­­да ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғи­нида алоҳида тарғибот гуруҳи тузил­гани қўл келмоқда. Тарғибот гуру­ҳига маҳалла фаоллари билан бирга олий ўқув юртларининг про­фессор-ўқи­тувчилари, адлия бош­қар­маси хо­дим­лари жалб этилган. Тарғи­бот­чи­лар фуқароларга Прези­дент сайло­вига доир қонунчилик меъёрлари ҳақида батафсил маълу­мот бериш­моқда.

Маълумки, янги таҳрирдаги "Фу­қа­­ро­ларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонуннинг 11-моддасида шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинининг Ўзбекистон Республи­каси Президенти сайлови бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Маж­лисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва ша­ҳар Кенгашларига сайлов бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига, шу­нингдек, референдум ўтказиш бўйи­ча участка комиссияларининг аъзо­ли­гига номзодларни референдум ўтка­зиш бўйича тегишли округ ко­миссия­ларига тақдим этиши ҳамда халқ де­путатлари туман, шаҳар Кен­гаши де­­пу­татлигига номзод кўрса­тиш тўғ­­­ри­сида қарор қабул қилишига доир ваколатлари мустаҳкамланган. Ўтказилаётган тадбирлар давомида ана шундай маълумотларга эга бў­либ, сиёсий билимларини ошираёт­ган юртдошларимиз Президент сайлови­да иштирок этиш ўзи учун катта бахт эканлигини англаб етмоқ­да. Қола­вер­са, бу мамлакатимизда шахс эр­кинлигининг, демократик тамойил­лар­нинг устуворлиги ифо­дасидир.

"Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун­да Ўзбекистон Республикаси фуқаро­ларининг жамият ва давлат ишла­рини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу ҳуқуқ фуқа­роларнинг референдумларда, Ўзбе­кистон Республикаси Прези­денти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қат­на­шиши ор­қали амалга оширилади. Шу­нинг­дек,Ўзбекистон Республи­касининг 18 ёшга тўлган фуқароси Президент сайловида иштирок этиш ҳуқуқига, ўттиз беш ёшдан кичик бўл­маган, давлат тилини яхши била­диган ҳам­да бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Респуб­ликаси ҳуду­дида муқим яшаётганЎзбекистон Республикаси фуқароси эса Ўзбе­кистон Республикаси Пре­зи­денти ла­во­зимига сайланиш ҳуқуқига эга­дир.

Холмамат  РАУПОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мони­торинг қилиш мустақил институти  Навоий ҳудудий бўлими раҳ­бари:

— Ўзбекистон Республикаси Пре­зи­денти сайлови мамлакат тақ­дири учун ғоятда аҳамиятли масала­дир. Чунки, Ўзбекистон Республика­си Конституциясининг 89-модда­си­га асосан "Ўзбекистон Республика­си­нинг Президенти давлат бошли­ғи­дир ва давлат ҳокимияти орган­ларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди". Навбатдаги сайлов ҳам фуқароларимизга ўз сиёсий ҳу­қуқлари ҳисобланган сайловларда иштирок этиш ва муносиб номзодни сайлашлари учун яна бир имко­ният­дир.

Бугунги кунда одамларнинг онги ва тафаккури, уларнинг дунёқараши, атроф-муҳитга ва эртанги кунга му­но­­сабати тубдан ўзгариб, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти сифат жиҳат­дан ошганлиги юртимизнинг муҳим ютуқ­ларидан биридир.

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахми­нан беш карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 марта ўсгани, хал­қи­мизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошганининг далили бўлмиш одам­ларимизнинг жон бошига оладиган даромадлари 8,7 баробар кўпайгани юртимизнинг қисқа даврда жадал суръатлар билан ўсиб бораётган за­монавий давлатга айлангани бунинг яққол тасдиғидир.

Дарвоқе, жаҳон молиявий-иқтисо­дий инқирози давом этаётганига қарамасдан,Ўзбекистон иқтисодиё­тининг йиллик ўсиши охирги 10 йил давомида 8 фоиздан ортиқ бўлаёт­ган­лиги, иқтисодиётимизга ўзимиз­нинг ҳамда хорижий сармояларнинг жалб этилиши натижасида барпо эти­лаётган замонавий корхоналарда рақобатбардош маҳсулотларни иш­лаб чиқариш имкониятлари туғила­ёт­гани ҳар биримизга фахр, ифти­хор бағишлайди.

Вилоятимизда 2014 йилда 160,6 километр ичимлик суви, 58,3 кило­метр электр, 21,4 километр табиий газ тармоқлари, 65,3 километр авто­мобиль йўллари фойдаланишга топ­ши­рилиб, ушбу мақсадларга қарийб 33 миллиард сўмга яқин маблағ сарф­лангани, қишлоқлар қиёфаси­ни тубдан ўзгартириш ва зарур инфра­ту­зилмани ташкил этиш Дастурини амалга ошириш ишлари жадал да­вом эттирилиб, намунавий лойиҳа­лар асосида 677 та уй-жой барпо этил­гани ҳар бир фуқаромизнинг олиб борилаётган ислоҳотлардан баҳ­ра­манд бўлаётганидан дало­латдир.

Дунёда камдан-кам кузатиладиган бундай натижалар халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб бораётга­ни, юз минглаб уй-жойлар ва замона­вий инфратузилма объектлари бун­ёд этилаётгани, одамларнинг сифат­ли истеъмол товарлари билан таъ­мин­ланаётганида намоён бўлаётир. Мамлакатимиз ижтимоий фаровон­лик, жумладан, умр кўриш давомий­ли­ги, оилалар мустаҳкамлиги, бозор­лар тўкинлиги бўйича жаҳонда юқо­ри ўринларни эгаллаб келмоқда. Лекин бир нарсани тан олиш керак­ки, бундай ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Бу кунларга етгунча халқимиз не-не машаққатларни бо­ши­дан ўтказди.

Ўзбекистонда сайловларга муҳим сиёсий жараён сифатида эътибор қаратилаётгани фуқароларнинг сиё­сий ҳуқуқларини кафолатламоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг давлат ва жамият бошқарувида фаол ишти­рок этишига, пировардида мамлака­ти­мизда тараққиётнинг янада жа­дал­лашишига хизмат қилади.

 

Navoi.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР