Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида элчи Каетана де Зулуета раҳбарлигидаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссиясининг асосий гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек, миссия фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашилди. 

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари К.Одилов меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурининг амалга оширилиши билан таништирди. 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ демократик сайловлар ўтказиш борасида ижобий тажриба тўплангани таъкидланди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича миллий тажрибани бойитишга йўналтирилган сайлов қонунчилиги мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Марказий, округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятида сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонунийлик, ошкоралик ва транспарентлик принципларига қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, сайловни ташкил этиш ва уни ўтказиш учун масъул конституциявий орган сифатида Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли равишда мустаҳкамлангани, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик комиссия фаолиятининг асосий принциплари экани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга биноан, сайлов жараёнига жалб этилган жисмоний ва юридик шахсларнинг сайлов қонунчилигига риоя этиш, Марказий сайлов комиссияси қарорларини сўзсиз бажариш бўйича жавобгарлиги кучайтирилгани алоҳида қайд этилди. 

Ўз навбатида, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси раҳбари сайлов жараёнини кузатишга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. У миссиянинг асосий вазифаси миллий сайлов қонунчилиги ҳамда сайловни ташкил этиш ва уни ўтказиш тажрибаси умум қабул қилинган халқаро нормалар, жумладан, ЕХҲТ стандартларига мувофиқлигини баҳолашдан иборат эканини таъкидлади. 

– Миссия Ўзбекистондаги фаолиятини 23 февралдан бошлади, – дейди Каетана де Зулуета. – Ўзбекистонга 11 нафар халқаро эксперт келди ва миссиянинг Тошкентдаги штабида фаолият бошлади. 28 февраль куни узоқ муддат фаолият юритадиган 10 нафар кузатувчи келади. Улар Тошкент, Нукус, Бухоро, Самарқанд ва Фарғонада сайлов жараёнларини кузатади. Миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тарғиботи, сайлов комиссиялари ва тегишли давлат органлари фаолияти ҳамда сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнини кузатамиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларини комплекс мониторинг қиламиз. 

Учрашувда томонлар ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси фаолияти сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, уни миллий сайлов қонунчилиги, халқаро стандарт ва нормаларга мувофиқ ташкил этишга кўмаклашишига ишонч билдирди. 

Шу куни ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси Тошкентда фаолияти бошланишига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. 

Таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, миллий ва халқаро кузатувчилар сайловни кузатишда иштирок этиши назарда тутилган. Айни пайтда кузатув сайлов жараёнининг барча босқичларида, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда амалга оширилиши мумкин. 

Марказий сайлов комиссияси ўтган сайловларда бўлгани каби шу йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Европа, Осиё, Америка ва Африка мамлакатларидан кўплаб кузатувчилар, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилар миссияларини таклиф этди. 

 

Uza.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР