Умр – оқар дарё, дейдилар. Инсоннинг иккинчи ҳаёти эса унинг эзгу амалларида, қилган хайрли ишларида давом этади. Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ рассоми, моҳир ҳайкалтарош Жалолиддин Миртожиев ижодига бағишлаб ташкил этилган хотира кўргазмасига келган ҳар бир инсон бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилиши мумкин. 

Кўргазманинг очилишида рассомлар, ҳайкалтарошлар, халқ амалий санъати усталари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, тасвирий санъат ихлосмандлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон халқ устаси М.Мамажонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тасвирий санъат соҳасида меҳнат қилаётган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароит ва имкониятларни яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мўйқалам аҳлига эътибор ва рағбат кўрсатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар тасвирий санъатнинг барча йўналишини равнақ топтириш, ёшларнинг мазкур санъатга бўлган меҳри ва иштиёқини оширишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Моҳир ҳайкалтарош Ж.Миртожиев истиқлолнинг чексиз имкониятларидан руҳланиб меҳнат қилган ижодкорлардан эди. 1954 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган ижодкор дастлаб тасвирий санъат соҳасидаги ўрта махсус билим даргоҳи, сўнг олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлади. 1997 йилдан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида монументал ҳайкалтарошлик йўналишида катта ўқитувчи сифатида талабаларга сабоқ берди. 

Ж.Миртожиев томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида миллий давлатчилигимиз, маънавиятимиз, адабиёт, санъат соҳалари равнақида ўчмас из қолдирган сиймолар, буюк алломалар, адиб ва шоирларга бағишлаб яратилган монументал асарлар Ватанимиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Чўлпон, Мотамсаро она, Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом, Зулфия ҳайкаллари, «Ватанга қасамёд» монументи, Қарши шаҳридаги «Эл-юрт таянчи» композицион асари шулар жумласидандир. Унинг қатор давлатларда Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Синога атаб бунёд этилган монументал асарлари ғоявий-бадиий мазмуни, маънавий-маърифий аҳамияти билан истиқлол йилларида миллий ҳайкалтарошлик йўналишида эришилган ютуқларимизни бутун жаҳонга танитди. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Бадиий академиясида меҳнат қилиб келган Ж.Миртожиев халқаро Тошкент биенналелари, турли кўргазмалар, тасвирий санъат ҳафталиклари, конференциялар, ижодий мулоқотлар, учрашувлар, маърифий тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишига муносиб ҳисса қўшди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан моҳир ҳайкалтарошнинг ижодий фаолияти муносиб баҳоланиб, у 1998 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, 2003 йили Ўзбекистон халқ рассоми унвонларига сазовор бўлган эди. 

– Жалолиддин истиқлол йилларида ижодкорлар учун яратилган чексиз эътибордан руҳланиб самарали фаолият кўрсатган ижодкор, – дейди Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов. – Жонажон Ватанимизни, ҳурриятимизни жўшиб, ёниб тараннум этган бу инсоннинг табаррук заминга, ўз халқига бўлган чексиз муҳаббати, самимийлиги, меҳнатсеварлиги, фаол фуқаролик позицияси, ишга, ижодга масъулияти ёшлар учун ибрат мактабидир. 

Кўргазмада Ж.Миртожиевнинг монументал асарлари акс этган фотосуратлар, ҳайкалтарошлик ишларининг мўъжаз намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. 

 

 

Uza.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР