Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жамиятимизни модернизациялаш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб турмуш шароити яратиш энг эзгу мақсадга айланди. Йилдан-йилга аҳолининг фаровонлиги ортиб, ҳудудларда намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами кенгаяётгани бунинг далилидир. 

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 17 июнда қабул қилинган "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида уч, тўрт ва беш хонали уйлар қурилмоқда. Янги уйлар халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, маҳаллий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик-коммуникация тизимлари билан уйғун, баҳаво, ёруғ, кенг ва қулай ҳолда барпо этилаётгани юртдошларимизга маъқул келмоқда. 

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жой қуриш бўйича мақсадли давлат дастури амалга оширилмоқда. Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қишлоқ жойларда хусусий уй-жойларни қуриш бўйича кенг кўламли дастур доирасида 2014 йилда 11 мингта янги турар жойлар барпо этилгани алоҳида қайд этилди. 

Бу борадаги ишларни янада юқори поғонага кўтаришда мамлакатимиз молия муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, "Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки бош режа асосида қишлоқлар қиёфаси ва аҳолининг уй-жой шароити сифатини яхшилаш, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда. 

Бугунги кунда банк аҳолига кенг қулайлик яратиш мақсадида намунавий уй-жойларни сотиб олиш учун бошланғич бадални йиғишда ёрдам берадиган қатор омонат турларини таклиф этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 майдаги "Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун "Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир. 

– Банкимизда миллий ва хорижий валютада қирққа яқин қулай омонат тури жорий этилган, – дейди "Қишлоқ қурилиш банк”нинг омонатчилар ва кредиторлар маблағларини мониторинг қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси Ғайрат Жуманиёзов. – "Хонадон” омонати улардан бири бўлиб, миллий валютадаги бу омонатга намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун мўлжалланаётган лойиҳа қийматининг 25 фоиз миқдоригача дастлабки бадал йиғиб борилади ва 1 йилдан ортиқ муддатга қабул қилинади. Дастлабки қўйилган омонат суммаси устига қўшимча маблағ қўйиш имкони ҳам мавжуд. 

"Хонадон” омонатининг қулайлиги шундаки, унга фуқаро ўз маблағини нақд ёки нақдсиз шаклда, учинчи жисмоний шахслар, жумладан, яқин қариндошлари томонидан уларнинг аризаси асосида, фуқаронинг иш берувчиси томонидан нақдсиз шаклда, банк ажратган кредитлар ҳисобига, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа шаклларда (ҳомийлик, қарз, молиявий ёрдам каби) қўйиши мумкин. Бироқ банкка мазкур турдаги омонатнинг қабул қилиниши, уй-жой қуриб беришга доир буюртманома қабул қилинди дегани эмас. 

"Қурилишга бошланғич бадал” омонати қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар учун дастлабки бадалларни жамғариш мақсадида жорий қилинган бўлиб, омонат ва унга ҳисобланган фоизлар омонатчи талабига кўра "Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси ҳисобрақамига ёки омонатчининг талаб қилиб олингунча омонат ҳисобрақамига кўчирилади. 

"Мадад” омонат тури ҳам намунавий уй олган фуқаролар учун жорий қилинган. Йиллик 26 фоиз миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланадиган мазкур омонат миллий валютада, нақд пулда ёки иш ҳақи ва бошқа қонуний даромадларни нақд пулсиз кирим қилиш орқали қўйилиши мумкин. Омонатчи ўз пул маблағларини шартнома муддати тугагунга қадар шартномада келишилган шартлар асосида омонат асосий суммасини нақд шаклда олиши, бошқа омонат турига нақдсиз равишда расмийлаштириши ёки уни бошқа банк муассасасига ўтказиши мумкин. Унинг яна бир афзаллиги фоизлар ҳар ойда омонатчининг ипотека кредити ҳамда фоиз тўловларига йўналтирилади. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, банкка қўйилган омонатларнинг сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланишидан ташқари уларнинг ҳимояси ҳам доимий эътиборда. Омонат ҳисобварақлари, депозит сертификатлари бўйича олинадиган даромад ва ютуқлар барча турдаги солиқлардан озод қилинган ва уларнинг тўлиқ ҳажмда қайтарилиши давлат томонидан кафолатланган. Депозитлар бўйича операциялар банк сири сифатида таснифланиб, унга қатъий риоя қилиниши устидан назорат ўрнатилган. Омонатларга қўйилган маблағлар белгиланган муддатларда омонатчиларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилади. 

Ҳар бир шахс оиласини моддий жиҳатдан тўлиқ таъминлашни истайди. Мазкур омонат турлари ҳам бошқа омонатлар каби банк тизимига аҳолининг ишончини мустаҳкамлаб, эзгу мақсадларга атаб пул маблағлари жамғаришга кўмаклашади. Шакллантирилган оила бюжети намунавий лойиҳалар асосида қурилган кўркам, қулай ва шинам уй-жой харид қилишда қўл келиши шубҳасиз.

 

Uza.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР