Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод мемориал-боғ музейида Соғлом бола йилига бағишлаб "Рассом нигоҳи” деб номланган кўргазма ташкил этилди. Унда Республика дизайн коллежи ўқувчиси Нурали Шодиев ижодига мансуб асарлар намойиш этилмоқда. 

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши, уларга пухта билим ва тарбия бериш, маънавиятини юксалтириш, турли зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини ташкил этишини таъкидлади. 

"Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши, эзгу орзу-мақсадларини юзага чиқариш, истеъдод ва қобилиятини эрта аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Н.Шодиев 1996 йили Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган. У дастлаб Нурота туманидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида таҳсил олди. Айни пайтда Республика дизайн коллежининг рангтасвир йўналишида ўқишни давом эттирмоқда. 

Ёш мусаввир «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам», «Тасвирий санъат фестивали», «Юрт келажаги – иқтидорли ёшлар» каби танлов ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларга муносиб топилган. Шу билан бирга, унинг «Чегара билмас санъат», «Баҳорий ҳислар» номли шахсий кўргазмалари ташкил этилган. 

«Рассом нигоҳи» кўргазмасида мўйқалам соҳиби картиналар орқали жонажон Ватанимиз, бунёдкор ва меҳнатсевар халқимизга бўлган эҳтиромини ёрқин бўёқларда, бетакрор ва ўзига хос тарзда ифода этган. Унинг «Орзу», «Ватан», «Нурота сўзанаси», «Виқорли тоғлар», «Қишлоқ манзараси», «Кумуш қиш», «Куз манзараси», «Уфқ» сингари асарлари шулар жумласидандир. 
 
 
uza.uz сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.