Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омил эканлиги таъқидланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Маълумки, судларнинг фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2019 йил 19 июлдаги № РС-44-19-сонли қарорида тадбиркорларнинг мурожаатларини қонун доирасида ҳал этиш мақсадида барча судларда ҳар ҳафтанинг жума куни "Тадбиркорлар куни”, шанба куни "Очиқ эшиклар куни” деб белгиланди.

Бундан ташқари, Навоий вилоят судлари раислари ва ўринбосарларининг туманлар кесимида 2021 йил июль-сентябрь ойларида ўтказиладиган ҳамкорликдаги сайёр қабуллар режаси тасдиқланиб, мазкур режага асосан жорий йилнинг 29 июль  куни Нурота туман 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида  тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.

Сайёр қабуллар жараёнида Навоий вилоят суди раислари ва ўринбосарлари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муамммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилиши таъминлади.

Жумладан, Нурота туман Халқ қабулхонаси биносида ўтказилган сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг турли масалаларида 12 та мурожаатлари ўрганилиб чиқилди.

Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.

Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида вилоят суди раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Зафар Ибрагимов Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.