Ҳурматли тумандошлар хабарингиз бор Ҳукуматимизнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этишга оид қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Бош прокуратура билан биргаликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик назорат соҳасида жисмоний шахсларнинг иштирокига доир «Эконазорат» ахборотлаштириш тизими ишлаб чиқилгани маълумот ўрнида келтириб ўтилган.

Ахборот тизимидаги мобил илова ва Telegram-бот қуйидаги кўпгина имкониятларни тақдим этади:

давлат экологик назорати объектлари, шу жумладан ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳаси устидан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш;

жисмоний шахслар томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар (фото ва видео материаллар)ни Давлат экология қўмитасига манзил (локация) белгилари бўйича юбориш;

ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга пул мукофотларини тўлаш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқа статистик маълумотлар базаси билан танишиш;

содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳужжатлари (баённома ва қарорлар)ни электрон шаклда тузиш орқали ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг ягона маълумотлар базасига киритиш;

2021 йил декабрь ойидан бошлаб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашуви бўйича давлат кадастри ва уларнинг мониторинги тўғрисида маълумотлардан очиқ фойдаланиш;

онлайн мониторинг олиб бориш, шунингдек экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш юзасидан аввал берилган мажбурий кўрсатмалар ва талабномалар бўйича амалга оширилган бошқа зарур чора-тадбирлардан хабардор бўлиш;

ҳудудлар ва туманлар кесимида аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида геоахборот маълумотларини жорий этиш ҳамда юритиш.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар юборилган фото ва видео материаллар бўйича ҳуқуқбузарликни содир этган фуқароларнинг шахсини аниқлашнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича зарур чораларни кўради.

Давлат экология қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга тўланадиган пул мукофотларидан даромад солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича механизмни ишлаб чиқади.

Давлат экология қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмаларига фуқаро авиациясининг учувчисиз қурилмаларини, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмларини олиб кириш, сотиб олиш, сақлаш ҳамда ушбу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат берилади.

Бош прокуратура билан биргаликда ўтказилган эксперимент якунлари бўйича илованинг функционал қисмига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруриятини кўриб чиқилади ҳамда унинг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида узлуксиз равишда ишлаши таъминланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб фуқароларимиздан табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишларини сўраймиз.

Ўзбекистон Экологик партияси

Нурота туман кенгаши раиси З. Қобилов

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.