Халқаро дзюдо федерацияси томонидан Токио-2020 Олимпиадаси йўлидаги рейтинг очколари ҳисоблаб чиқилиб, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўл оладиган лицензиантлар номи расман эълон қилинди.
Жаҳон чемпионатидан кейинги рейтинг ўринлари бўйича 9 нафар (7 нафар эркак, 2 нафар аёл) дзюдочимизнинг Токиога бориши кутилаётган эди. Шунингдек, қитъавий квота ва жамоавий микст баҳсларига бериладиган йўлланмадан ҳам умидимиз йўқ эмасди.
Кеча дунё дзюдочиларининг якуний рейтинг ўринлари расман эълон қилинди. Кутилганидек 9 нафар дзюдочимиз Токио-2020 Олимпиадаси лицензиясини қўлга киритишди ва энг муҳими, биз умид қилган ҳолат ҳам рўй берди. Фарангиз Хожиевага қитъавий квота тақдим этилди. Энди Токиога 7 нафар эркак ва 3 нафар аёл дзюдочи билан борадиган бўлдик.
Яна бир қувонарли ҳолат, дзюдо ватанида ўтадиган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси жамоавий микст баҳсларида энди Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. Халқаро дзюдо федерацияси 130 давлат орасидан бор йўғи 12 тасига ушбу имкониятни тақдим этди. Тарихда илк бор бу имкониятга эга бўлдик.
Шунда Ўзбекистон дзюдо терма жамоасининг умумий лицензиялари сони 11та (10та яккалик ва битта жуфтлик )га етди.
Қуйида дзюдо бўйича Токио-2020 лицензиантлари билан танишинг:
-60 кг: Лутфуллаев Шарофиддин,
-66 кг: Нуриллаев Сардор,
-73 кг: Тўраев Ҳикматилло,
-81 кг: Болтабоев Шарофиддин,
-90 кг: Бобонов Давлат,
-100 кг: Хуррамов Муҳаммадкарим,
+100 кг: Олтибоев Бекмурод,
-52 кг: Кeлдиёрова Диёра,
-63 кг: Хожиeва Фарангиз,
-70 кг: Матниязова Гулноза.
Дзюдочиларимиз Токиога-2020га 10 нафар спортчи билан боришади. Йўлланмаларимиз сони эса тарихда илк маротаба 11тани ташкил этди
Дзюдочиларимизни Олимпиада йўлланмалари қўлга киритилганлиги билан табриклаган ҳолда уларга Токио татамиларида ҳам омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.