Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўтказилган сўровнома якунларига кўра дзюдо бўйича терма жамоамиз етакчи аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё чемпиони Давлат Бобонов 2020 йилнинг энг яхши спортчиси деб топилди.

Осиё чемпиони Давлат Бобонов 2020 йилнинг энг яхши спортчиси деб топилди.

Ҳозиргина пойтахтимиздаги "Миллий" стадионда ўтган тантанали маросимда Давлат Бобоновга ушбу мукофот Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев томонидан топширилди. Тадбирда вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, бош котиб Ойбек Касимов иштирок этди.  
Давлат Бобонов 1997 йил 7 июнь куни Навоий вилояти Нурота туманида дунёга келган. Самарқанд вилоят ихтисослаштирилган спорт интернати, Самарқанд давлат университетида тахсил олган. Мураббийи - Нурали Қобилов. Терма жамоа бош мураббийи, афсонавий Илиас Илиадис мураббийлигида Олимпиадага муҳим рейтинг очколарини берувчи мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. 
Ёш бўлишига қарамай, ҳозиргача айтишга арзигулик ютуқларга эришишга муваффақ бўлган. 2016 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди. Шу йили Тошкент Гран-присида ҳам зафар қучган. Шу йил Германияда ўтказилган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи Дюссельдорф турнири ғолибига айланди. Унинг ғалабаси -100 кг вазндаги яна бир дзюдочимиз Муҳаммадкарим Хуррамовни ҳам руҳлантирди. У ҳам мусобақа чемпионига айланди. "Катта Дубулға" турниридаги 2 та олтин медаль Ўзбекистон дзюдосининг сўнгги ўн йилликдаги энг яхши натижаси бўлди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.