Маълумки, бугунги кунда маълум бир ҳудуд танламайдиган коррупцияга бутун дунё миқёсида ўз ечимини излаётган глобал муаммо сифатида қаралмоқда.

Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига жиддий путур етказадиган, маънавиятини емирадиган, қадриятларини поймол қилиб, мамлакатда ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқарадиган иллатдир. Шу билан бирга, фуқароларда адолат ва қонун устуворлигига, жамиятнинг келгуси тараққиётига, давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизлик уйғотади. Табиийки, ишончсизлик туғилган жойда ривожланишга путур етади. Бир сўз билан айтганда, коррупция ўзининг ана шундай салбий жиҳатлари билан вайронкор куч ҳисобланади.

Нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммолардан бири коррупция ҳсиобланади.

Коррупция лотинча сўз бўлиб, "порага сотилиш, айниш” деган маъноларни англатади. Яъни коррупция - сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир.

Бугун энг кўп ишлатиладиган сўзларимиздан бири муқаррар "коррупция” бўлса керак. Ижтимоий ҳаётда унинг домига тушиб, оёғи қоқилганлар оз эмас.

Айтишларича, қадимги дунёда баъзи қабилаларда муайян мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-саломлар бериш одатидан коррупциянинг илдизлари бошланган экан. У вақтларда бу амал одатий ҳол деб қабул қилингани табиий. Бироқ орадан ўтган вақт давлатлар ташкил топиши, унинг иши мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг юрт ривожига катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Тез-тез эшитиб қолаётганимиз: болалар боғчасидан то олий ўқув юртларигача, қоровулдан то ҳокимгача, айбдордан то қозигача бу иллат қурбонига айланиб, қанча жазоланса-да, таъмагирликка қарши қаттиқ курашилса-да, коррупцияга тўла барҳам бериб бўлмаяпти. Хўш, нега шундай? Сабаби оддий: одамлар унча-мунча ишни азбаройи вақтини беҳуда сарфламаслик учун эмас, ўша юмуши айрим нопок, таъмагирлар томонидан ўрнатилган турли сохта ғовлар сабаб битмай қолишидан қўрқув туфайли ҳам пора бериш пайида бўлади. Шу зайлда кўпчилик "бераверади”, камчилик "олаверади”. Албатта, бундайлар сафи ошиши ва нафси ҳакалак отишида сизу биз ҳам, барчамиз айбдормиз!

Президентимиз "Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб алоҳида таъкидлади.

Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган бўлиб, буни 2017 йил 3 январь куни қабул қилинган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун негизида кўришимиз мумкин. Мазкур қонун малакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш шулар жумласига киради.

Президетимизнинг жорий йил 27 майдаги "Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, фуқароларда давлат ва жамиятга, келажакка бўлган ишончнинг сусайишига сабаб бўлувчи коррупция дея аталмиш иллатга барҳам беришнинг ягона йўли унга қарши одамларда муросасозликни тарбиялашдир. Зеро, жамиятда ҳалолликка иззат-ҳурмат, турли хил иллатларга муросасозлик ҳисси қанчалик кучайса, албатта, бунинг самараси шунчалик ижобий бўлиши аниқ.

Фуқоролик ишлар бўйича

Навбаҳор туманлараро суди Д.Ражабов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.