ОВ ХЎЖАЛИГИГА ДОИР ЯНГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ. ЭНДИ НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

ОВ МАВСУМИ БОШЛАНДИ.
Маълумотларга қараганда мамлакатимизда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан рўйхатдан ўтган овчилар сони 38 мингдан ошади. Жумладан бизнинг туманимизда 101 кишини ташкил қилади. Ов мавсумида Республикамизнинг  барча ҳудудларидан овчилар ”Айдаркўл” ва тоғли ҳудудларга  келишади. Сўнгги пайтлари ов мавсуми баҳонаси билан жониворларга том маънода қирғин келтирилмоқда. Нафсини тия олмаган "овчилар” келажак авлодни, табиатдаги мавжуд мувозанатни ўйламай жониворларни кўплаб ўлдиришаётир. "Лицензия олдим” деб, атрофда қимирлаган жонни ўлдириш на инсонийликка, на мусулмонликка тўғри келади. Жарималарнинг пастлиги, жазо турларнинг енгиллиги эса бу фаолиятнинг янада фаоллашувига олиб келмоқда.
Экоинспекторлар аниқлаган ҳолатлар бор албатта. Амммо бу етарлими?
Инспекторларга кенг жамоатчилик ёрдам бериши зарур,шундагина она табиатимизни асрашда яқиндан ёрдам берган бўламиз. Айдаркўл ҳудудида кўлга чирой бериб юрган "оққушларни”, тоғларимизда юрган алхарларни отган овчиларни расмга олиб ташлаб беришса бўлди. Шунинг ўзи табиатни асрашга катта ёрдам.
Орамизда ноқонуний овчилар ҳам борки, уларнинг ҳаракати айнан биз кутган  қонун билан  белгиланган.
Шу сабаб ҳам овчилик ва ов хўжалигидаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш ва қайта ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июльдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги №627-сонли қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун доирасида эндиликда ов хўжаликларини ташкил этиш, йиллик ов мавсумини белгилаш ва ноқонуний ов ҳаракатларига, броконерлар ҳаракатларига чек қўйиш каби вазифалар белгилаб олинди. Жами 7 та боб мавжуд бўлган мазкур қонун билан барчаси белгилаб қўйилди.
Қонунга мувофиқ, ов қилиш турлари, усуллари, муддатлари, маҳсулотлари ва қуроллари, гувоҳнома ва рухсатномаларнинг ким томонидан қай тарзда берилиши ҳам белгилаб қўйилган.
«Қизил китоб»га киритилган жониворларнинг овланиши қатъиян тўхтатилади. Ов қилиш ва овчилик хўжалигидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ов қилиш жойлари, овчилик ресурслари каби тушунчалар ушбу қонунда  алоҳида тарифлаб берилган. Унга кўра ҳақиқий овчилик гувоҳномасига эга бўлган жисмоний шахс, шу жумладан, Ўзбекистонда вақтинча турган ва ов қилиш соҳасида хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган чет эллик фуқаро овчи ҳисобланади.
Дарвоқе, қонунга мувофиқ табиий эркинлик шароитида яшаётган, ов қилиш жойларига, шу жумладан овчилик хўжалигидан ташқарига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулкидир ва Давлат овчилик фондини ташкил этади. Қолаверса, ов қилишда рухсат этилмайдиган қуйидаги ҳолатлар ҳам кўрсатилганки, бу чекловлар айни муддао бўлди ва кўпгина салбий оқибатларнинг олди олинади.

Яъни эндиликда ов учун чуқурлар қазиш, портловчи, кимёвий моддаларни, биологик препаратларни ва электр токини, товушсиз отиш мосламаларини қўллашга, дов-дарахтларни ёқиш каби ҳолатларга рухсат этилмайди.         
Қонун расман октябр ойидан кучга кирди. Демак, ов мавсуми бошланди. Овчиларга  шу нарсани таъкидлаган бўлар эдик, овга чиқишдан олдин мазкур Қонун билан яхшилаб танишиб чиқинг. Зеро, ўз мажбуриятларингизни ва эркинликларингизни билиб олсангиз ов мавсумидаги фаолиятинингизда зарар қилмайди.

Фарход Улуғбердиев
Нурота туман  Экология ва атроф
муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси
1-тоифали инспектори

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.