Кейинги вақтларда ички бозорда айрим маҳсулотлар нархи ошгани барчага маълум. Вилоят ҳокими бунинг асосий сабабларидан бири «чаққон олибсотар»лар эканлигини маълум қилди.

«Охирги вақтларда ички бозоримизда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи, ун ва шакар каби асосий истеъмол маҳсулотлари нархининг беқарорлиги кузатилмоқда. Бунинг асосий сабаби эса фидойи фермер ва деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари «чаққон олибсотар»лар томонидан 4-5 марта қўлма-қўл бўлиб, кейин халқимиз дастурхонига етиб бораётганидадир», деди Қобил Турсунов.

Таъкидланишича, бунинг олдини олиш учун «даладан растагача» тамойили асосида аҳолини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун 12 та «Тайёрлов савдо» корхоналари ташкил этилган.

Бўлиб ўтаётган халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинишича, вилоятда жорий йилда 207,3 минг тоннадан ортиқ ғалла хирмони яратилган.

2021 йилнинг апрель ойига қадар вилоят аҳолосининг ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 37,7 минг тоннани ташкил этади. Шундан 37,2 минг тоннаси маҳаллий ва 0,5 минг тоннаси импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Бугунги кунда ҳудудда 2 та йирик ва 5 та кичик ун ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. Йил якунига қадар яна 2 та донни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади. Бунинг ҳисобига аҳолини ун маҳсулоти бўлган талаби тўлиқ қондирилади ва экспортга етказиб беришга ҳам эришилади.

«Бундан кўриниб турибдики, вилоятимиз аҳолисини ун маҳсулоти билан таъминлашда ҳеч қандай муаммоларга дуч келинмайди ва ортиқча ташвишланишга ҳожат йўқ», дея таъкидлади вилоят ҳокими Кобул Турсунов.

Навоийликларнинг гуручга бўлган эҳтиёжи келгуси олти ой учун 8,2 минг тоннани ташкил этади.

2021 йилнинг май ойига қадар вилоятда картошкага бўлган эҳтиёж 21,7 минг тоннани ташкил этади. Шундан 13,7 минг тоннаси юртимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан, 8 минг тоннаси эса импорт ҳисобидан қопланади. Бу ҳақда бўлиб ўтаётган вилоят сессиясида маълум қилинди.
  
Вилоятда 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсуми учун 12 минг тонна картошка захираси яратиш режалаштирилган. Ҳозирда 94 та тайёрлов корхоналари билан етказиб берувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида шартномалар тузилиб, жамғариш ишлари бошлаб юборилган.  
 
Навоийликларнинг гуручга бўлган эҳтиёжи келгуси олти ой учун 8,2 минг тоннани ташкил этади. Бунинг асосий қисми захира манбалари орқали жамғарилиб, январь-апрель ойларида тайёрлов корхоналари томонидан ички истеъмол бозорларида арзон нархларда сотилиши таъминланади. Айни пайтда 70 та тайёрлов корхоналари ва гуруч етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ўртасида тегишли шартномалар тузилган.

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.